13 January 2010
14:39 - Президент раҳнамолигида ишлайдиган ЎзАнинг имирсилаши ва иш услуби 21 аср устидан кулишдир
Ўзбекистон президентининг ҳамма қилаётган ишлари устидан кулиш, латифалар тўқиш мумкин. Унинг ҳаёт принципи сифатидаги “Янги уй қурмасдан эскисини бузма” шиори латифаларнинг бошланғичидир. Ватан битта, уй битта. Уларни бузиб бўладими? Ватанни бузиб, янгисини қуриб бўладими? Ўзбекчани яхши билмайдиган Ислом Карим русларнинг “перестройка” сўзи ўзбекчага “қайта қуриш” деб таржима қилинганидан келиб чиқиб, ўрислар пересторойка қилади, биз эса янги уй, яъни янги ватан қурамиз, деб ўйлади, шекилли. Аслида, янги уй қуриш эмас, уйни янгилаш ҳақида гапириш керак. Горбачевнинг “перестройка”си - уйни, ватанни янгилашдир, янги ватан, янги уй қуриш эмас.

Ислом Каримнининг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, ГУОМ. Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти каби ташкилотларга бир кириб бир чиқиши шундай хунук латифаларни эслатадики, уларни бу ерда тилга олгани ҳам уяламиз.

Президент раҳнамолигида фаолият олиб борадиган ЎзАнинг 21 асрдаги иш тезлигидан кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан. Кеча кундуз куни Ислом Карим иштирокида “Ватанга қасамёд” монументининг очилиш маросими бўлди. ЎзА бу ҳақда кечгача хабар бермади. Соат 21:38 да ЎзАнинг сайтида Ислом Каримнинг нутқи пайдо бўлди ва фақат соат 23:11 да бу монументнинг очилиши бўлгани ҳақида хабар берилди. Қаранг, аввал очилиш ҳақида хабар, сўнгра президентнинг нутқи бўлиши керак эди, том тескарисини қилишибди, шоввозлар. Бундай ишларни кўриб, русларнинг “через бир нарса” деган сўзларини эсласангиз ҳам эслайсиз, эсламасангиз ҳам. Ўша “через бир нарсани” ҳам вақтида қилишолмганига нима дейсиз?

Монумент ўта тезлик билан яратилгани айтилар экан, тахмин қилиш мумкинки, расмдаги нарсалар монументнинг ўзи эмас, унинг гипсдан қилинган макети бўлса керак. Лекин, монументнинг ўзи макетдан кўра салобатли бўлади, деб умид қилиш учун катта жасорат керак.

Аммо, на чора, ҳозирча умид қилишдан бошқа чора йўқ. Қолаверса, байроқлар, монументлар, ЎзАлар ватан эмас, уларни бузиб ташлаб, янгисини қуравериш мумкин ҳали.