12 January 2010
12:54 - Қирғизистоннинг экс-мудофаа вазири Исмоил Исоқов 8 йилга қамалди
Қурмонбек Бақиев ҳокимиятга келгандан кейин Мудофаа вазири этиб тайинланган генерал-лейтенант Исмоил Исоқов 2008 йилда истеъфога чиққан ва мухолифатга қўшилган эди. Ҳозир унга қўйилган асосий айб – Бишкек марказидаги хизмат квартирасини 2005 йилда ўғли Руслан Исоқовга хусуслаштириб бергани.

Кимдир бу хусусда давлат органларига аноним хат ёзгандан кейин, квартира вазирнинг ўғлидан қайтариб олиниб, вазирнинг ҳайдовчисига берилган, аммо суд жиноий иш содир этиб бўлинганини асосий далил қилиб олган.

Экс-вазир ўзи айбдор эмаслигини, мухолифатга қўшилгани учун улар (ҳокимиятдагилар назардан тутилаяпти, шекилли – “Ҳаракат”) ўзидан ўч олишаётганини айтса ҳам, ўғлига квартирани хусусийлаштиб берганини очиқча инкор этмаган. Ҳар ҳолда, у шундай қилганга ўхшайди.

Ўта коррупциялашган Марказий Осиё мамлакатлари учун бу каби жиноятлар содир этиш оддий ҳол ва бундай одамлар ҳокимиятда экан, ҳеч ким уларни айбдор қилишга ҳаракат ҳам қилмайди. Шу сабабли, Бақиев ва унинг командаси Исмоил Исоқовдан нима учундир ўч олаётгани шубҳасиз. Табиий, уни тўла оқлаш ҳам мумкин эмас.

Исоқовнинг фамилияси ва расмидан кўриниб турганидек, унинг энг камида отаси ўзбекка ўхшайди. Ўч олиш воқеасида унинг миллати ҳам қандайдир роль ўйнаган бўлиши мумкин.

Исмоил Исоқовга квартира масаласидан ташқари, Балиқчи ҳарбий қисмидан ҳарбий техникани ноқонуний сотиб юбориш айби ҳам қўйилган. Аммо, у тасдиқланмаган ва бу эпизод жиноий ишдан олиб ташланган.

Хуллас, Исмоил Исоқов 8 йилга озодликдан маҳрум этилди ва суд залидаёқ ҳибсга олинди. Reuters агентилигини билдиришича, унинг адвокати Азимбек Бекназаров бу иш ҳамда ҳукмни сиёсий деб баҳолаган ва тезда апелляция аризаси топширилишини айтган.