10 January 2010
04:32 - Украина Марказий Сайлов Комиссияси президентни огоҳлантирди, Ўзбекистонда шундай бўлишини кўз олдингизга келтиринг
Украинларнинг УНИАН агентлиги кеча тарқатган хабарга кўра, мамлакатнинг Марказий Сайлов Комиссияси президент Виктор Юшченкони давлат телеканалари вақтини сайловолди кампанияси агитацияси ўтказиш учун фойдаланганлиги туфайли огоҳлантирди. Хабарда айтилишича, шундай қарор учун МСКнинг мажлисда қатнашган 14 аъзосидан 13 нафари овоз берган.

МСКнинг қарорида Виктор Юшченконинг президент сифатидаги мамлакат бўйлаб қилган сафарларини ёритувчи Биринчи миллий телеканал эшиттиришлари тилга олинади. Юшченко бу эшиттиришларни президентликка номзод сифатида ишлатган, бошқа номзодларга қарши агитация қилган.

Бундан ташқари, Юшченко турли минтақаларда маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ўтказган мажлисларини ҳам ўзининг сайловолди кампанияси фойдасига ишлатган.

Кўринишидан, Украина МСКсининг огоҳлантириши мутлақо ўринли ва бу воқеа демократик мамлакатдаги сиёсий жараёнларнинг боришини намойиш этувчи яхши мисолдир, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири.

Аммо Ўзбекистонда бу каби воқеа бўлишини кўз олдингизга келтироласизми? Теле- ва радиоканалларни қўйиб туринг, давлатнинг ҳамма ресурслари президент сайлови пайтида Ислом Карим фойдасига сайловолди пропагандаси олиб бориш учун ташланади. Табиий, Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси буларни кўрмайди, кўрганларга қулоқ солмайди.