07 January 2010
06:05 - “Ҳаракат” журнали ва “Бирлик” Партиясига ҳомийлик қилган ўзбекка қочқин сифатида АҚШда яшаш ҳуқуқи берилди
Кеча (АҚШ вақти билан - бугун) бу мамлакатнинг муҳожирлик судларидан бирида қочқин мақоми олиш учун ариза берган Ўзбекистон фуқаросининг иши кўрилди. Бу ўзбек Ўзбекистонга қайтиб борган тақдирда КГБнинг вориси бўлмиш махсус хизматларнинг қўлига тушишининг сабабларидан бири сифатида унинг “Ҳаракат” журнали ва “Бирлик” Партиясига молиявий ёрдам бериб келаётгани, яъни ҳомийлик қилаётгани кўрсатилганди.

Маҳкама жараёнига телефон орқали қатнашиб, гувоҳлик берган партия раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистондаги аҳвол, мавжуд ҳукуматнинг демократия ва демократларга муносабати ҳақида маълумот бериб, кўрилаётган иш бўйича қуйидагиларни айтди:

“Ўзбекистон ҳукумати учун демократияга ҳомийлик қилаётганлар ислом террористларидан ҳам хавфлидир. Чунки, террористлар демократик дунёнинг душманлари, улар Ўзбекистон ҳукуматининг иштирокисиз ҳам Ғарб томонидан эртами-кеч йўқ қилинади. Аммо, демократияга ҳомийлик қилаётганларни айнан демократик дунё ўз паноҳига олади. Демак, мавжуд режимни ўлимга олиб борадиган демократлар ғалабага маҳкумлар. Режимнинг биздан ва бизга ҳомийлик қилаётганлардан қўрқувининг сабаби шу. Яъни, Ўзбекистон ҳукумати бундайларни жисмоний йўқ қилишга интилиши, режимнинг табиатидан келиб чиқади”.

Маълумки, бундай маҳкама жараёнларида аризачининг шахсий адвокатидан ташқари ҳукуматнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган адвокат иштирок этади. Ўша адвокат Адураҳим Пўлатдан сўради: “Шундай экан, нима учун ўз ҳомийларингизни исмини махсус хизматларга етиб бормайдиган даражада сир тутиб, уларнинг хавфсизлигини таъминламайсиз?”. Ҳар қандай одамни бурчакка сиқиб қўядиган бу саволга мухолифатчининг берган жавоби маҳкама жараёни ҳавосини аризачи томонига тўла буриб юборди. Мана ўша жавоб:

“Бир қарашдан шундай кўринади. Аммо, биз демократларимиз, ҳар қандай шароитда ошкоралик тарафдоримиз. Бироқ, бундан ҳам муҳим бўлгани, биз Ўзбекистон ичидаги аъзоларимизни ва тарфдорларимизни рағбатлантириш учун бизни молиявий томондан қўллаб-қувватлашдан қўрқмайдиган одамлар борлигини кўрсатишимиз мутлақо шарт. Ҳукуматнинг “мухолифат фаолиятини баъзи давлатларининг махсус хизматлари ва экстремист ташкилотлар молиявий дастакламоқда” каби иддаоларини ҳам парчалашимиз керак. Биз демократлар - партиянинг фаоллари ҳам, унинг тарафдорлари ҳам - бу ишга қўшилаётганда хавф хатарни, бошимизга тушадиган ҳамма нарсаларни аввалдан ҳисобга олганмиз. Демократия учун кураш сафида эканлигимиз биз учун жуда кўп чекловлар қўйди, уларни қабул қиламиз. Лекин, айни замонда, ҳеч бир сафдошимизнинг бошини режимнинг кундасиги ўзимиз қўйиб бермаймиз, уларни асрашга интиламиз. Бугун ҳам аризачи дўстимизга сизлардан ёрдам истамоқдамиз. Ишонаманки, АҚШ ҳукумати ҳеч кимни қийноқлар систематик равишда қўлланиши БМТнинг расмий ҳужжатларида қайд этилган Ўзбекистонга қайтариб юбормайди”.

Бу сўзлардан кейин маҳкама жараёни тезда тугади, аризачи ўзбекка “қочқин” мақоми ва америкада яшаш ҳуқуқи берилди.