06 January 2010
03:10 - Эрон президенти Ашхободга келди, бу ердаги ҳамкасби билан учрашди, янги газқувурининг очилишида қатнашди
Маҳмуд Аҳмединажод тўла икки кун ҳам бўлмаган Тожикистон ташрифидан кейин бугун Ашхободга келди ва бу ердаги ҳамкасби Қурбонгули Бердимуҳаммад билан учрашди. Расмий хабарларга қараганда, учрашувда умумий гаплардан бошқа нарса бўлмаган. Бўлишини ҳам кутиш керак эмас эди. Чунки, Эрон президенти Туркманистонга туркман газини Эронга ташийдиган иккинчи қувурни очиш тантаналарида иштирок этиш учун келган. Ва иштирок этди ҳам.

Эрон Туркманистондан 1996 йилдаишга тушган газқувури орқали йилига саккиз миллиард кубметр газ оларди, иккинчи газқувурнинг ишга тушиши билан бу рақам 20 миллиардга чиқади.

Туркманистон бирдан-бир бойлиги бўлган табиий газни дунё бозорига олиб чиқиш, бу масалада Россиядан мустақилроқ бўлиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Эроннинг мақсади бошқачароқ – Россияга боғликликни камайтиришга интилаётган Европани ўзига қарам қилиб қўйиш ва шу йўл билан ўзининг ядровий программасига қарши бўлганларни оғзини ёпиш. Бу амалга ошмайдиган нарса, чунки Европа ҳозир ўзини газ билан таъминлаш учун турли йўллар очмоқда ва Эронга боғлиқ бўлиб қоладиган даражага тушмайди.

Айни замонда, Европа Эрон ва Туркманистондаги диктатураларни ҳеч қачон ҳазм қилолмайди ва биринчи имкон бўлиши билан бу мамлакатлардаги режимнии ўзгартириш ниятидаги кучларга ёрдам беришни бошлайди. Ана ўшанда Эрон ва Туркманистон диктаторлари ҳақиқий ҳамкорлик йўлларини излаб қолишса ажаб эмас.