04 January 2010
17:43 - Қаршида уй портлади, ҳокимият одамларга озми-кўпми ёрдам бермоқда
Ўтган йилнинг 25 декабрь куни Қарши шаҳрининг “Пахтазор” мавзеидаги 28-уйда хусусий газ тармоғи орқали чиққан портлаш кўпчиликни бошпанасидан айирди. Айримлар бошига тушган фожиа доғи эса йиллар бўйи кетмайди. Оғир жудолик, берилган қурбонлар мазкур бахтсиз ҳодиса гувоҳи бўлган қаршиликларни ларзага келтирди. Маҳаллий матбуотда ўз вақтида берилмаган хабар туфайли миш-мишлар болалади. Афсуски, воқеа тафсилотларини турли қарашдаги одамлар турлича шарҳламоқдалар. Аксарият хорижий оммавий ахборот воситалари ҳукумат жабрдийдаларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳақида ёзишмоқда. Бизга етиб келаётган хабарларга кўра, бу хил маълумотларда янглишмовчилик бор, дейди мухбиримиз.

Бахтсиз ҳодиса қурбонларининг уй-жой билан таъминланмагани хусусидаги “Озодлик” лавҳасини эшитган “Бирлик” Партияси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими вакиллари жабр кўрганлар билан учрашувга, ҳақиқий аҳволни ўрганишга ошиқдилар. Керак бўлса ёрдам бериш, жамоатчилик эътиборини офат жабрдийдалари аҳволига қаратишга уриндилар. “Бирлик” Партиясининг Қашқдарё вилоят ташкилоти раҳбари Дайнов Ташанов раҳбарлигидаги фаоллар аввалига миршабларнинг назорати ҳануз сусаймаган воқеа жойига, сўнгра жабрланувчилар бошпана топган манзилга боришди.

Жабрланганлар Қаршидаги С.Раҳимов маҳалласи Ўзбекистон кўчасида янги қурилган “Ёшлар уйи”га кўчирилган. У ердагилар ўз дарди билан овора бўлса ҳам, мухолифатчилар билан гаплашишдан қочишмади. Дардларини ҳам ҳукуматдан рози эканликларини ҳам яширишмади.

Масалан, янги уйга кўчириб ўтказилган фуқаро Ольга Макеян фалокатда онасини бой берганини таъкидлаб, кўзига ёш олибди. Ўғли Денис билан кўчиб келган уйи, ҳокимият томонидан ажратилган ёрдам пулига яхшигина жиҳозланган ҳам экан. Уч хонали бинойидек уй ҳозирча омонат, уларнинг номига ҳали тўла расмийлаштириб берилмаган, лекин яқин орада ордерни қўлларига олишга ишонишмоқда.

Фалокат баҳона янги уйга кирганлардан бири Фарҳод Рашидов эса хотини Нодира билан ҳукуматдан миннатдор. Ҳокимият вакиллари унинг оёғи синган қизини дарҳол касалхонага ётқизиб, даволатишибди. Бошқа хонадонларга бергани каби бу оилага ҳам 3 миллон сўм миқдорида компенсация беришибди. Шу йўлакда яшовчи Раъно Ҳайитов, Доня Кузнецовалар ҳам аянчли фалокат манзараларини аста-секин унутишмоқда. Иссиқ кийим-бош, озиқ-овқат ва яхшигина ёрдам пули олган бу хонадонлар аввалига ҳокимиятдан умид қилмаган чоғи, энди уларни алқаб ётибди.

“Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хурсанд Кенжаева ҳам шу ерда юрган экан. “32 та оилани ўзининг кўриб турган мана шу уйга, яна беш хонадонни “Газни қайта ишлаш заводи” уйларидан бирига жойлаштирдик. Ҳамма харажатлар давлат хисобидан қопланди. Албатта, ҳукумат ҳамма зарарни қоплади, дея олмайман, лекин имкон кадар ёрдам берилмоқда”, деди раиса.

Ҳар ҳолда маҳалла ҳам ҳукумат, у доим ўзини оқлайди-да, деган гумон билан бошқалар билан ҳам гаплашилди. Талофатда жабр кўрган ҳамюртларимизга ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчиларнинг ҳамдардлиги етказилди. Уларнинг ҳолидан кейинчалик ҳам хабар олиш нияти билан ортга қайтишди.