25 December 2009
02:12 - Жиззахда гўё чорак миллион доллар ўғрилари қўлга олинган
Бундан бир муддат муқаддам матбуотда Жиззах банкларидан биридан қарийб чорак миллион АҚШ доллари йўқолгани ва мазкур ҳодиса бўйича ўғирлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани хусусида хабар қилинганди. Ҳатто бундан бир неча кун аввал мустақил интернет сайтларидан бири бу пулларнинг топилгани, ўғриларнинг қўлга тушгани ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб маълумот берганди.

Бугун эса Ўзбекистон ҳукумати кўз қарашини ифода этувчи сайтларда бу ҳақда бошқача хабар пайдо бўлди. Унда айтилишича, шу йилнинг 6 ноябрида банкнинг бош ҳисобчиси бошчилигидаги 10 нафар қуролланган шахс муассасага бостириб кирган, қоровулни электр шок билан ҳушсизлантириб, 217 минга АҚШ доллари ва 46 миллион сўмни олиб чиқиб кетишган.

Лекин вилоятдаги айрим манбалар пул топилмагани, банк маъмурияти ИИБ ва прокуратура органлари билан келишган ҳолда ишидан айрилмаслик учун пулни ўз ёнларидан тўлашгани ҳақида гапиришмоқда. Агар бу гап рост бўлса, банк бошқарувчиси, миршаббоши ва прокурор рутбасини эгаллаш учун чорак миллион АҚШ доллари кифоя қилмаганга ўхшайди.