25 December 2009
01:25 - Бош ҳуқуқбузар болаларни меҳнатга мажбурлашни жазолаш ҳақидаги қонунни имзолади, аҳвол ўзгармаслиги аввалдан маълум
Куни кеча Президент Ислом Карим балоғатга етмаган шахсларни меҳнатга мажбурлашни жазолаш ҳақидаги янги моддалар билан бойитилган “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексни имзолади. Энди Кодексга кўра, агар балоғатга етмаган шахс ким томонидандир мажбурий меҳнатга жалб қилинса, энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача жаримага тортилади, дейди мухбиримиз.

Бу Кодексга кўра, ҳар йили миллионлаб болаларни мажбурий пахта теримига жалб қиладиган Ислом Карим, давлат хазинасига 376 800 сўм тўлаб қўйиши лозим.

Айтиш керакки, Ислом Карим болаларни мажбурий меҳнатга жалб этишнинг олдини олишга қаратилган бир қатор қонунларни аллақачон имзолаб ташлаган, аммо қонунлар ишламаяпти, ҳукуматининг ўзи уларни ишлатмаяпти. Шу сабабдан бу масалада аҳвол ўзгармаяпти. 21 декабрдаги хабаримизда бир қатор америкалик конгрессменлар айнан аҳвол ўзгармагани учун Ўзбекистонга қарши санкциялар киритишни таклиф қилишганди. Аммо режимбошини санкциялар ҳам жарима тўлаш хавфи ҳам қўрқитмайди. Чунки, унинг ўзи ҳам болалар меҳнати туфайли олинадиган фойда ҳисобига яшайди.