19 December 2009
18:53 - Афғонистонда фақат НАТО эмас, АҚШ ҳам ўз ҳаёти учун урушмоқда
Эгаси АҚШнинг Бостон шаҳрида жойлашган “Исонинг биринчи черкови” номли черков бўлган The Cristian Science Monitor газетасининг 17 декабрь сонида эълон қилинган “НАТО Афғонистонда ўз ҳаёти учун курашмоқда” номли мақола моҳиятан тўғридир.

Бу мақолада ҳам айтилганидек, совуқ урушда СССР устидан ғалаба қозонган бу ҳарбий Альянс билан нима бўлаётганини тушуниш қийин. Бир нарса аниқ-ки, НАТО ҳозир ўзининг ҳаёти учун курашмоқда.

НАТО ҳалигача Афғонистонда урушиш учун ўз кучларини мобилизация қилолмади. Ўз таркибидаги 25 мамлакат ичида 2 миллионлик қўшинга эга бўлган Альянс Афғонистонга қўшимча 7 минг аскар юбориш масаласини қийинчлик билан ҳал қилмоқда. АҚШдан ташқари фақат Буюкбритания, Франция, Голландия, Канада, Польша, Дания и Руминия Афғонистонга тўғридан тўғри исломчилар билан жангга кирадиган қўшинлар юборишган. Бошқа мамлакатларнинг қўшинлари ҳарбий амалиётларда иштирок этишмайди, қўриқлаш каби вазифаларни бажаришади. Канада ва Франция ўз қўшинларини 2011 йилда Афғонистондан олиб кетиш режаларидан қайтишмаган.

Мақола муаллифи, АҚШнинг 1983-87 йиллари НАТОдаги элчиси бўлган David M. Abshire очиқча ёзмаса ҳам, унинг хулосаси кўриниб турибди: НАТО Афғонистонда ўзи учун ҳаёт-мамот масаласини ҳал этмоқда.

Бу фикрнинг мутлақо тўғрилигини урғулаган мухбиримзнинг фикрича, мақола муаллифнинг хулосаси АҚШ учун ҳам тўғридир ва ҳозир айнан шу хулоса устида ўйлаш вақтидир.

2001 йил 11 сентябрда исломчилар АҚШнинг юрагида жойлашган ва бу мамлакатнинг рамзларидан бўлган икки иншоатни осонликча йўқ қилдилар. Исломчиларнинг бу чақириғи (challange)га АҚШ ҳали жавоб беролмади, Буш маъмурияти ҳам Обама ҳам.

Баъзилар, АҚШ Вьетнамдан ҳам чиқиб кетди, осмон узилиб тушдими, Ғарб барибир ҳаммадан олдинда-ку, АҚШ совуқ урушни ютди-ку, Афғонистондан ҳам шу шаклда чиқиб кетиш мумкин деган фикр билдирмоқдалар. Бу мутлақо хато фикр.

Вьетнамда АҚШ вьетнамликларга эмас, уларнинг орқасида турган СССР ва Хитойдек супердавлатларга ютқазганди. Афғонистон ва Покистондаги Толибон ҳамда Ал-Қоида орқсида на СССР на Хитой бор. АҚШнинг бу ердаги мағлубияти Толибон ва Ал-Қоидадан мағлубиятга учраш бўлади. АҚШ бундай шармандачилик тагидан соғ чиқолмайди. Айнан шунинг учун Афғонистон уруши АҚШ учун ҳам ҳаёт-мамот уришидир.

Афғонистонга қўшимча 30 минг аскар юбориш қарори олиш учун Барак Обамага 11 ой керак бўлгани – унинг заифлигини кўрсатгичи. АҚШ маъмурияти ислом экстремизмига қарши курашда тўғри стратегия белгилаб ололмаётгани эса, шу заифликнинг қирраларидан биридир, холос.