08 December 2009
06:22 - Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон АҚШга келди, Ғарбдан узоқлашди
Кеча Вашингтонга келган Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон пешин соатларида Оқ Ўйда АҚШ президенти Барак Обама билан музокаралар олиб борди. Бу учрашувга жуда катта эътибор берилганининг исботи шундаки, унда икки томондан ҳам энг юксак даражали давлат одамлари иштирок эттилар.

Учрашувда АҚШ томонидан (табиий Обамадан ташқари) вице-президент Жо Байден, Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон, Миллий Хавфсизлик маслаҳатчиси Жемес Жонс, унинг ёрдамчиси Том Тонилон ва икки мулозим бор эди.

Туркия томонидан (Эрдўғондан ташқари) Бош вазир ўринбосари Али Бобожон, Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли, Давлат вазири Эгемен Бағиш, Туркиянинг Вашингтондаги элчиси Наби Шенсой, ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партияси раисининг ўринбосари Курсад Тузмен ва Туркия қуролли кучлари бош штаби раҳбарининг биринчи ўрибосари Арслон Гунер қатнашди.

Учрашув бўйича қўшма баёнот эълон қилинмади. Аммо, Ражаб Эрдўғоннинг якка ўзи берган матбуот конференциясида тилга олинган мавзулар кўрсатдики, музокаралар АҚШ кутган даражада натижалар бермаган. Хусусан, қуйидаги икки масалада Туркия ўзини Ғарбдан узоқроқ тутишга ҳаракат қилган.

Биринчи. Туркия Афғонистонга қўшимча қўшин юбормаслик қарорини ўзгартирмаган ва Афғон ҳарбийларини ўқитишда иштирок этиш ниятида эканлигини такрорлаган холос. АҚШ Афғонистонга 30 минг, НАТО аввал 5 минг деб, сўнгра 7 минг аскар юбориш қарорини эълон қилиб турган пайтда, Туркиянинг четда туриши музокараларга совуқ сув сепган кўринади.

Иккинчи. Эроннинг ядровий программаси. Ғарб бу масалада қатъий ва Эрондан бу йўналишдаги ишларни тўхтатишни, тинч мақсадга қаратилган ишларни МАГАТЭ назорати остида олиб боришни талаб қилмоқда. Туркия ҳам шу позицияда эканлигини айтса-да, ҳамма масалалар дипломатик йўллар билан ечилиши лозимлигини қайта-қайта урғулаб, Эронга бу масалада қаттиқ талаблар қўймаслигини кўрсатди.

Ҳайъатлар учрашувидан кейин Обама ва Эрдўғон яккама-якка суҳбат ҳам қилишган.