06 December 2009
14:16 - Юшченконинг сайловолди пиар акцияси: Қрим-татарларининг оммавий кўчирилиши бўйича жиноий иш очилсин
Украина президенти Виктор Юшченко кеча Қрим-татарлари мажлисининг Симферополда бўлаётган V Қурултойининг II сессиясига табрик йўллади. Бу ҳақда хабар берган украин ахборот воситаларининг билдиришича, табрикномада шундай сўзлар бор: ”Депортация қилинганлар ва уларнинг авлодларини мамлакатга қайтариш билан боғлиқ ҳамма масалаларни ҳозир Украина ўзи ҳал этишга қодир. Мен Бош прокуратура ва Украина Хавфсизлик Хизматига қрим-татарлари ва бошқа халқларнинг мажбуран кўчириб юборилгани хусусида жиноий иш очиш масаласини кўриб чиқишни топширдим.”

Украина президентининг охирги сўзлари пиар-акция бўлса керак. Чунки, кеча хабарларимизда билдирганимиздек, Қрим-татарлари яқинда келаётган президент сайловида шу пайтгача суянган тоғлари бўлган, аммо ҳозир рейтинги жуда ҳам тушиб кетган Юшченкони қўллаб-қувватламасликлари мумкин. Уларни ўз атрофида ушлаб туриш учунгина Юшченко мавҳум шаклда бўлса ҳам, қрим-татарларининг мажбуран кўчириб юборилиши хусусида жиноий иш очиш масаласини кун тартибига келтирган.