05 December 2009
04:20 - АҚШлик қаллоб экспертлар ўзларини кўрсата бошлади
АҚШнинг Жон Ҳопкинс универститети Марказий Осиё ва Кавказ бўлими раҳбари Фредерик Старр (расмда) еткачилигидаги экспертлар гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегия ва минтақалараро тадқиқотлар институтида маҳаллий журналистлар билан учрашган. Учрашувда иштирок этган журналистлардан бирининг таъкидлашича, экспертлар президент Ислом Каримнинг ўтган йили Бухарестдаги саммитда кўтарган ташаббуси - “6+3” ғоясини муҳокама қилган ва бу таклиф шубҳасиз халқаро ҳамжамиятнинг яқин истиқболдаги стратегиясига айланишига ишонч билдиришган. Орадан бир йил ўтибди, нега шу пайтгача Ислом Каримнинг ғояси билан ҳеч ким қизиқмаяпти, деган саволни беришдан ўзбек журналистлари қўрқишган.

Экспертлардан бири - Гудзон университети биринчи вице-президенти Эндерс Уимбуш - Ислом Карим сиёсати хусусида тўхталиб, “Ўзбекистонннинг ривожланиш суръатлари ва истиқболига қараб, минтақанинг келажаги ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатнинг келажагига тизимли ва стратегик нуқтаи назардан ёндашади, ташаббускорликка асосланган оқилона ташқи сиёсат юритади” деган.

Журналистнинг таъкидлашича, яқин кунларда АҚШ экспертларининг фикрлари рисола ҳолида чоп этилади, бунга қадар бу “холис” эътирофлар матбуот орқали бериб борилади.