01 December 2009
23:14 - Оқ Уйнинг хавфсизлик системаси атрофида кичикина ёки катталиги маълум бўлмаган жанжал
Бир неча кундан бери АҚШ оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуси – яқинда бу ерга расмий ташриф билан келган Ҳиндистон бош вазири Манмоҳан Сингх шарафига Оқ Уйда АҚШ президенти Барак Обама тарафидан берилган расмий қабул маросимига таклиф қилинганлар рўйхатида бўлмаган бир жуфтнинг кириши ва маросимда меҳмон каби иштирок этиши бўлмоқда. Исмлари Мишель ва Тариқ Салеҳи бўлган бу жуфт маросимга кираверишда АҚШ президенти ва Ҳиндистон бош вазири билан қўл бериб кўришаётгани, маросим пайтида вице-президент Жо Байден билан сал кам қучоқлашиб, дўстона суҳбатлашаётганини кўрсатувчи кадрлар ТВларда, расмлар эса газеталарда эълон қилинди.

Табиий, ҳозир президентнинг хафсизлик системаси қайтадан кўриб чиқилмоқда, уни янада мукаммаллаштириш буйича ишларга ҳозирлик кўрилмоқда. Оқ Уйнинг хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган инцедент учун кечирим ҳам сўради. Аммо, ҳалигача бу жуфт қандай қилиб Оқ Уйга таклифномасиз киролгани ҳақида маълумот берилмади.