01 December 2009
03:37 - Хориждаги умидсиз “Умид”чилар, ёхуд уларнинг ота-оналари ва ҳукумат ўртасида чиққан можаро (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №50, 30.11.09)
1997 йилнинг 7 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш иқтидорли талабаларни хорижга ўқишга юборишни қўллаб-қувватловчи “Умид” жамғармасини тузиш ҳақидаги Фармони қабул қилинган. Кейинчалик истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш мақсадида “Истеъдод” жамғармасига айлантирилган мазкур тузилма орқали кўпчилик ёшлар хорижга таълим олиш учун кетишди ҳам. Бироқ уларнинг кўпчилиги турли сабабларга кўра юртга қайтишмади: бировга хориждаги фаровон ҳаёт ёқиб тушган бўлса, кимдир мамлакатимиздаги маоши қора қозон қайнатишга етиб-етмайдиган муассасада умрини ўтказишни хоҳламади. Яна кимдир ўз истиқболини хорижда ёрқинроқ тасаввур қилди, ва ҳоказо, ва ҳоказо...

Ҳолбуки, жамғарма ва талабаларнинг ота-оналари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига қарашли Ўзбек ташқи иқтисодий ахборот тижорат маркази (Узинкомцентр) ўртасида тузилган уч томонлама шартномага мувофиқ, хорижда илм олиб қайтган ёшлар 5 йил давомида мамлакатимизнинг турли идораларида ишлаб беришлари зарур эди. Шартнома шартига кўра, давлат гранти билан хорижга йўл олган илмталаблар мамлакат истиқболи учун хизмат қилиши, аксинча, уларнинг таълим олиши учун кетган маблағ давлатга қайтарилиши лозим эди.

Шартнома ўз номи билан шартнома — у томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ-тиниқ акс эттириши лозим. Афсуски, илмталаблар билан тузилган шартноманинг заиф ва бугунги кунда жиддий мунозарага айланиб кетган томони — унда талабанинг ўқишига кетган харажат миқдори аниқ кўрсатилмаган. Бунинг устига хорижга фарзандини ўқишга юбораётиб, юраги қувончдан ҳапқирган ота-онага шартноманинг ҳуқуқий аҳамиятлари етарлича тушунтирилмаган, ҳатто, жамғарма маъмуриятининг ўзи ҳам шартлашувнинг моҳияти билан қизиқмаган. Оқибатда жамғарманинг қонуний даъво муддатлари ўтиб кетди, ҳукумат натижа талаб қилмоқда. Жамғарма маъмурияти эса йўлаги тор ва қоронғи идораларнинг кўмагида ота-оналарни сиқувга олишмоқда, судьяларни Президентнинг номи билан қўрқитиб, фарзандларининг “ноқобиллиги” эвазига уларнинг гарданига бир неча ўнлаб миллионларни илиб қўймоқда.

Хусусан, жамиятимизга мурожаат қилиб, хориждаги фарзандининг исми-шарифи очиқланишидан хавотир билдирган (ҳар ҳолда жамғарма энг “катта” одамнинг номи билан қўрқитмоқда — Эзгулик) чилонзорлик Ҳамида опа Махсимова адолатсиз суд қароридан қаддини кўтара олмаётган оналардан. Унинг фарзанди Буюк Британиянинг Манчестер Универститетига 2000 йилда ўқишга кетиб, ўша ерда жойлашиб қолган. У ўзини хорижда ўқитган жамғарманинг пулини ҳам тўламоқчи, лекин жамғарма маъмуриятида инсоф йўқ: ҳеч бир шартномани кўрсатмай туриб, 35 минг АҚШ доллари ёки 50 миллион сўм сўрамоқда! Даъво муддати аллақачон ўтиб, ўқиш харажатлари борасида ҳам жўяли исбот тақдим эта олмаган жамғарма маъмурияти судларни қўрқитиб, ўз фойдасига қарор чиқариб олган. Суд ижрочилари аллақайси қишлоқдан келиб, талаба жиянини Тошкент аэропортидан кузатган, бир пайтлар кафолат хатининг нималигини билмай туриб имзолаган холани сиқувга олган: унинг уйдаги гилами-ю, алмисоқдан қолган телевизорини олиб кетишмоқчи!

Худди шундай тўполонлар ўнлаб, балки юзлаб хонадонларда кечмоқда. Айни пайтда “Истеъдод” жамғармасининг ўзидаги ўйинлар, талон-тарожликлар фош бўлиб, маъмурият жиноий жавобгарликка тортилган, тергов ҳаракатлари бормоқда. Бу машмашалар йўлаклари тор ва қоронғи идораларнинг назоратида бўлгани боис ҳам ҳеч ким ўйинларга аралаша олмайди. Хориждаги “Умид”чилар эса ўзларининг тақиридан умидсизлар... “бир гап бўлар” деган кайфият билан хориждаги ўртамиёналар издиҳомига сингиб кетишган. Эссиз, увол бўлган истеъдодлар!