01 December 2009
00:48 - Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки ўзбекларни музқаймоққа тўйдирмоқчи
Бу банк музқаймоқ ишлаб чиқаришга мутахассислашган “Имкон” хусусий ширкатига 4 млн долларлик қарз бермоқчи эмиш. Бу ҳақда UzReport сайти хабар беради.

50 хил музқаймоқ чиқарадиган “Имкон” ширкати Ўзбекистонда музқаймоқ бозорининг 20 фоизига ҳукмрон эмиш. У олинган қарздан фойдаланиб, янги ишлаб чиқариш линиялари ва 2 мингдан кўпроқ музлатгич сотиб олишни режалаштирган.

Хабарда берилган рақамларга кўра, Россияда киши бошига бир йилда 3 кг, Жанубий Европада 5 кг, бизда эса бор йўғи 1 кг музқаймоқ ишлаб чиқарилар экан. Яъни, биз музқаймоқ ейишда ҳам ҳаммадан орқада эканмиз. Шу сабабли, “Имкон” фирмаси ва ЕТТБга таъзим қилиш керакка ўхшайди.

Лекин бугунги хабаримиздан ҳам маълумки, Интернетда фойдаланувчилар сони бўйича нафақат Европа ва Россия, балки, қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам орқадамиз. Халқни бошқа энг керакли истеъмол моллари билан таъминлашда ҳам ҳеч кимдан олдин эмасмиз.

Шундай экан, ЕТТБнинг тўғри йўналишда инвестиция қилаётганига шубҳа туғилади. Дарвоқе, “Имкон”нинг шефлари бош вазир Шавкат Мирзиёевга қанчалик яқин экан? Ва бу шефлар ЕТТБ мулозимларининг томоғини қанча долларга музқаймоқлашган?