27 November 2009
04:51 - Марказий Осиёда интернетдан фойдаланувчилар орасида юртодошларимиз етакчи, лекин...
“Internet World Stats” халқаро ташкилоти Марказий Осиёда интернетдан фойдаланувчиларнинг кўлами ҳақидаги маълумотни эълон қилди. Унга кўра, шу йил бу ўлкада интернетдан фойдаланувчиларнинг сони қарийб 5 миллионга етган. Ана шу миқдорнинг тенг ярмини, яъни 2 469 000 нафарини ўзбекистонликлар ташкил этади. 2,3 миллионини эса қозоқлар, 850 минг нафарни қирғизлар, 600 мингини эса тожиклар ташкил этади. Атиги 75 минг нафар туркманнинг интернетга кириш имконияти мавжуд экан.

Қозоғистоннинг аҳолиси Ўзбекистондан 1,5 баравар кам бўлса ҳам, у ерда Интернетдан фойдаланувчилар сони мамлакатимиз билан сал кам баравар эканлиги, аҳолиси биздан 5-6 баравар оз бўлган Қирғизистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг абсолют сони биздан 3 бараваргина камлиги ҳам кўрсатмоқдаки, бу соҳада ҳам биз қозоқ ва қирғизлардан орқадамиз. Бунинг устига, бизда Интернет тармоғи ҳеч кимда бўлмаган даражада қаттиқ назорат остига олинган ва эркин информация олиш манбаи эмас.