25 November 2009
22:50 - Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара ёпилишининг сабабини айтди
Чегара Ўзбекистон томонидан қисман ёпилгани бир неча кундан бери маълум бўлса ҳам, мамлакатимиз расмийлари бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ беришмаган эди. Шунинг учун, сабаб - янги вирус гриппининг Қозоғистондан келишидан қўрқувдир, деган тахминлар кенг тарқалди. Маълумки, Қозоғистон ўз фуқароларидан 17 киши H1N1 вируси гриппига чалинганини аллақачон эълон қилган. Ўзбекистон эса бундай касаллик мамлакат ҳудуларида ҳеч қайд этилмаганини гапирмоқда.

Reuters мухбирининг Олмаотадан хабар беришича, бугун Ўзбекистон тарафи давлатнинг ахборот воситалари орқали чегара оддий гриппнинг мавсумий тарқалишини олдини олиш учун карантин сифатида ёпилганини билдирган.

Табиий, бундай жавоб ҳеч кимни қониқтирмайди. Яна тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистонга янги вирус гриппи келган ва у айнан Қозоғистондан келган, шу сабабли, чегаралар ёпилган. Ҳар бир ақли расо одам тушунcа керак, Ўзбекистон ҳукуматининг «ҳали бизда янги вирус гриппи қайд этилмагани» ҳақидаги баёноти ишонарли эмас. Бизда ҳамма нарса ҳукумат истаса қайд этилади ва ҳукумат истаган шаклда қайд этилдаи. Ҳукумат буйруқ берса, докторларимиз Гиппократ қасамёдини ҳам унутишади.