20 November 2009
16:41 - Ўзбекистон ГУОМга қайтадими?
Бундан 10 йил аввал Россиянинг ўша пайтдаги президенти Борис Ельцин Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳужумлари қаршисида қолган мамлакатимизни етарлича қўллаб-қувватламаганнидан дарғазаб бўлган Ислом Карим бир маҳаллар ўз ташаббуси билан тузилган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (КХШТ) чиқиб, Гуржистон, Украина, Озорбайжон ва Молдовани бирлаштирувчи ГУОМ ташкилотига аъзо бўлганди. Кейинчали, Владимир Путин билан тил топишган Ислом Карим аввалги статус-квони тиклади. ГУАМдан чиқмаса ҳам, 2005 йилда у ердаги аъзолигини тўхтатди, айни замонда, расман КХШТга қайтди.

Украинага ташриф буюрган Гуржистон президенти Михаил Саакашвили кеча маҳаллий телеканалга интервью берар экан, журналистнинг ГУОМда иккита фаол аъзо (Украина ва Гуржистон назарда тутилмоқда) қолди, бу ёғи нима бўлади маънодаги саволига жавобан, Молдова ва Ўзбекистон ГУОМга аъзоликдан чиқмасликларини гапирибди. Сўнгра, у кўпроқ Молдовага урғу бериб, бу мамлакатнинг раҳбариятига Ғарбга интилувчи одамлар келганини таъкидлабди.

Бир қатор сиёсатчи ва сиёсатшуносларда Ислом Карим Россия билан Ғарб ўртасида ўйин қилиб, Ўзбекистон манфаатларига кўпроқ мос келадиган баланс қидираётган одамдир, деган фикр бор. Аввалги гапларидан ҳам маълумки, Саакашвили ҳам шундай сиёсатчилардан биридир. Кўринишидан, у шундай гаплар билан Ислом Каримни Ғарбга яна ҳам кўпроқ тортиб туриш мумкинлигига ҳам ишонади.

Ҳақиқат Саакашвили ўйлаётгандек эмас. Ислом Карим тамомийла Россиянинг қўлида ва Россия кучли экан, у Россиянинг истагига қарши ҳеч қандай қадам қилмайди, ГУОМда аъзолигини тикламайди. Саакашвили ва Юшченко каби Ғарбга интилмайди. Чунки, унинг табиати демократияни қабул қилолмайди.

Ўзбекистонда демократик мухолифат ҳозирги режим бошқарувчиларига таъсир қилоладиган кучга эга бўлгандан кейингина, бу ерда стратегик ўзгаришлар бўлади. Ўзбекистоннинг ЕИ ва ҳатто НАТОга амалий яқинлашуви бошланади.