20 November 2009
15:26 - Юшченко-Саакашвили ва Тимошенко-Путин дуэли: ким ютади?
Украина бош вазири Юлия Тимошенко Қримда росиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашадиган куни Гуржистон президенти Саакашвилининг Киевга келиши тасодифий эмас. Бу икки жуфтлик - Юшченко-Саакашвили ва Тимошенко-Путин сиртдан дуэль ўткзишаётганга ўхшайди. Ўртага тикилган мукофоот ҳам аниқ – Украина президенти курсиси.

Зарғалдоқ инқилоб даврида Украина Регионлар Партиясининг лидери Виктор Янукевични қўллаб-қувватлаган Россиянинг ҳақиқий хўжайини Владимир Путиннинг кўзи ҳозир Юлия Тимошенкода. Зарғалдоқ инқилобининг маликаси бўлган бу сиёсатчи аёл Украина президенти лавозимини қўлга киритиш учун тўғри йўл танлагандек кўринади. Унинг Путин билан яқинлиги Украина русларини Тимошенко томонга оғдириши мумкин. Бунинг устига Россия Украинага табиий газ сотиш ва Украина орқали Европага газ ташиш масалаларида ўзини Украинананинг фойдасига қадамлар қилаётгандек кўрсатмоқда. Буларнинг ҳаммаси Тимошенконинг фойдасига ишлаши керак – гўёки айнан у Россиядан Украинанинг фойдасига имтиёзлар олмоқда.

Аслида, булар ҳаммаси кўз бўямачилик, сайловолди ўйинлари. Булардан фойдаланган Юлия Тимошенко президент лавозимига эришиши ҳам мумкин. Лекин, Тимошенко шу билан Россияга, хусусан, Путинга боғланиб қолишини ёки тушнмаяпти, ёки кейинчалик Путинни алдаб кетаман, деб ўйлаяпти. У буни қилолмайди, демак, Украина Европага интеграция бўлиш йўлидан узоқлашиб боради, демократик жараёнлар орқага кетади. Шундай экан, Тимошенконинг президентлик пойгасидаги ютуғи келажакда Украинанинг катта мағлубиятига айланади.

Саакашвилининг ҳозир Украинага келиб, Юшченко билан қилаётган дуэтидан Юшченко оладиган фойда Украина сайловчилари Россиянинг ҳужумлари остида қолган Гуржистонга қанчалик хайрихоҳ эканликларига боғлиқ. Россия-Гуржистон уруши оддий одамларнинг эсидан чиқишга бошлади, қиш келаяпти, оддий одамлар учун табиий газнинг бугунги нархи ҳамма нарсадан муҳимроқ кўринади. Демак, Юшченко-Саакашвили ва Тимошенко-Путин дуэлида бугун Путин ва Тимошенко ютса керак.

Бироқ, кейин нима бўлади? Бу саволга жавоб қидириш учун тарихий воқеаларни анализ қилиш фойдали.

Бу ерда ўзбекларга оид бўлган бир воқеани эслаш билан чегараланамиз. 1989 йилда “Бирлик”нинг миллий ғояларига хоинлик қилган Салой Мадамин бошчилигидаги 53-54-чилар Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилиб, ғалаба қозонгандек бўлдилар. Охир-оқибатда эса, мутлақо мағлуб бўлдилар. Тимошеконинг ҳам куни шундай бўлади. Чунки, ўз ғоясига ҳиёнат қилганлар ҳар доим мағлуб бўлганлар.