20 November 2009
00:51 - “Эзгулик” Тоштурмадаги ваҳшиёна қийноқлар ҳақида бонг урмоқда
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугунги 49-релизида одам савдосида айбланиб, 6 йилга кесилган Британиянинг мамлакатдаги элчилиги собиқ қўриқчиси Қаюм Ортиқовга Тоштурма (64/1-муассаса) да қўлланилган қийноқлар ҳақида сўз боради. Хусусан, тергов органи уни Британия жосуси (шпиони) эканликда айблашга урингани, унга ўта шафқатсиз қийноқлар қўллашгани тилга олинади. Суд ҳукмидан сўнг ҳам Тоштурмада 9 ой давомида ушлаб турилган маҳбус ҳозирда Навоийдаги 64/48-муассасасида жазо муддатини ўтамоқда. Шу йилнинг январидан бери унинг қариндошларига кўрсатилмаган маҳкум
уч йил аввал Англияда тил ўрганиш курсида ўқиб келган. Шу сабабли унга “Сен Британия жосусисан, кимга қандай маълумот олиб борганинг ва қандай маълумот олиб келганлигингини айтиб берасан” деган талаблар билан уни қийнашган.

“Қўлларидан шифтга яланғоч ҳолатда осиб қўйиб, 8-9 киши навбатига уришган. Қўлларидаги арқон изи ҳанузгача турибди. Простата бези ва лабига электр симини улаб, ток урдиришган. Оёқларига қиздирилган темир босишган. Баданларига игна санчишган. Сигареталар босишган, 2-3 кунлаб сувсиз, овқатсиз қамаб қўйишган. Ҳаттоки эрталабки назоратда ҳам ҳар куни дубинка билан уриб, ҳақорат қилишган. Бу қийноқларнинг ҳаммасини Тоштурманинг МХХ бўлими бошлиғи Фарҳод (фамилясини аниқлашнинг имкони бўлмади), милиция катта лейтенантлари — Жумаев Рустам, Шокиров Низом ва уларнинг югурдаклари Денис, Пантилей Темур, Акмал Хўжаевлар амалга оширишган” дейди маҳкумнинг рафиқаси Моҳира Ортиқова.

Релиз давомида қийноқлар ҳақида ҳикоя қилинаркан, маҳкумнинг қийноқлар жон-жонидан ўтиб кетгани учун вена қон томирини тишлаб очгани, иккинчи маротаба боши ва бўйининг икки ёнини лезвияда кесгани айтилади. Релизнинг тўла матнини жамиятнинг расмий веб сайтида ўқийсиз — www.ezgulik.org