19 November 2009
03:17 - Қримда Тимошенко-Путин учрашуви ва МДҲ бош вазирлари йиғилиши бўлади
Эртага Қримда Украина ва Россия бош вазирлари Юлия Тимошенко ва Владимир Путиннинг учрашуви бўлади. Зарғалдоқ инқилоби даврида Россия сўзини эшитганда лабига учиқ тошадиган Юлия Тимошенко ҳозирда Путиннинг энг яхши дўсти. Газ масласидан тортиб, 2010 йилда бўладиган президент сайлови олдидаги кампания даврида Тимошенко Путинга суянмоқда. Эртага у Ялтада Путинга мезбонлик қилади.

Жума куни эса бу ерга МДҲга кирувчи ҳамма мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарларининг келиши кутилмоқда. Улар навбатдаги саммитни ўтказишади.

Бу икки муҳим тадбирга тайёрланиш учун Юлия Тимошенко бугун Симферополга келди. Аэропорт олдига тўпланган бир неча юз кишининг мақсади Тимошенкони олқишлаш эмас, аксинча, у олиб бораётган ташқи сиёсатга норозилик билдириш эди. Чунки, тўпланганлар асосан маҳаллий руслар бўлиб, уларни Тимошенконинг Путинга бунчалик яқинлиги ҳам қониқтирмасди. Уларнинг нияти – Украина Совет замонида каби Москвага тўла вассали бўлсин.