19 November 2009
01:48 - Вазирлар Маҳкамаси Ижроия аппаратининг янги бошқарувчиси тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Дилшод Мусаев Вазирлар Маҳкамаси Ижроия аппаратининг бошқарувчиси лавозимига тайинланди.

Мазкур тайинланишдан аввал Д.Мусаев Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси (Давлат мулк қўмитаси)нинг раиси лавозимини эгаллаб, ундан бошқа ишга ўтганлиги сабабли озод этилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси Ижроия аппарати Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми йиғилишларини, тегишли қарорлар лойиҳаларини, таҳлилий, ахборот ва бошқа материалларни тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бажарилишини мунтазам равишда текшириш билан шуғулланади. Ижроия аппарати комплекслар, департаментлар, Ахборот-таҳлилий бошқарма ва умумфункционал бўлинмаларнинг тегишли котибиятларидан ташкил топган.

Вазирлар Маҳкамаси Ижроия аппарати иши Вазирлар Маҳкамаси Ижроия аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштирилади. У ўзининг мақоми, моддий мукофот олиш, ижтимоий-маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра вазирга тенглаштирилади. // region.uz