18 November 2009
15:12 - Исроил Ғарбий соҳилда 900 ўй қуришга рухсат берди, АҚШнинг жаҳли чиқди
Маълумки, Исроил билан фаластинликлар ўртасидаги сўнгги кескинлик Исроил ҳукумати ишғол қилинган ҳудудларда яҳудийлар учун уй-жой қуришни тўхтатмагани сабабли чиқди. Фаластин раҳбарияти уй-жой қуриш тўхтатилмагунча Яқин Шарқ тинчлик музокараларида қатнашмаслигини эълон қилди, АҚШ ҳам Исроилдан қурилишни тўхтатишни сўради.

Аммо кеча Исроил ҳукумати 1967 йилда босиб олинган ва Ғарбий соҳил деб айтиладиган ҳудудларда 900 янги уй-жой қуриш учун рухсат берди ва АҚШ маъмуриятининг жаҳлини чиқарди, дейилади Reuters агентлигининг хабарида.

Обаманинг махсус вакили Жорж Митчел шу кунларда Лондонда Исроил бош вазири Натаньяхунинг маслаҳатчиси билан учрашиб, Ғарбий соҳилдаги Гило манзилида янги уй-жой қуришни тўхтатишни сўраган экан. Шунга қарамасдан, Исроил ҳукумати 40 минг яҳудий аллақачон қўчиб бўлган Гилода яна уй-жой қуришга рухсат берибди.

Оқ Уйнинг матбуот котиби Роберт Гиббс Исроилнинг бу қарори тинчлик музокараларини яна ҳам қийнлаштиришини айтса, Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббоснинг маслаҳатчиси Исроилни тинчлик музокараларини барбод қилишда айблади. БМТ Бош котиби ҳам Исроилнинг қарорини қоралади.

Исроил бу айбномаларни рад этиб, Гило Қуддуснинг бир парчаси, Қуддус эса Исроилнинг пойтахти эканлигини айтмоқда. Ҳозир Ғарбий соҳилда 2,7 миллион араб ва 1967 йилдан кейин бу ерга кўчиб келган 500 минг яҳудий яшайди. Қуддуснинг Ғарбий соҳилдаги қисми Исроил тарафидан аннексия қилинишини халқаро ҳамжамият тан олмаган.

Исроил АҚШнинг ҳам талабларини бажаришдан қочаётгани Яқин Шарқ тинчлик музокараларининг ўлими бўлиши мумкин.