11 November 2009
15:33 - ЎзА мухбири президентимизнинг энг муҳим сўзларини эслашни унутибди, биз эркчиларнинг сўзларини ҳам эслатмоқчимиз
Давлатнинг бу расмий ахборот агентлиги мухбири Анвар Бобоев бир мақола эълон қилиб, Ўзбекистон 124 давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатгани, Тошкентда 42 мамлакатнинг элчихонаси, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг 46 дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилганини ёзади. Сўнгра у чет эллар билан алоқа қилиш, алоқаларни ривожлантириш, халқаро муаммоларни ечишда Ислом Карим ўйнаётган буюк ролни олқишлаш билан машғул бўлади.

124 мамлакат билан дипломатик алоқа ўрнатилган бўлса ҳам 40 тача давлат бизда элчилик очгани ва биз ҳам 40 тача мамлакатда элчилик очганимизни ҳисобга олса, Ислом Каримнинг халқаро соҳадаги буюк роли эртакдан бошқа нарса эмас.

Шундай бўлса ҳам Анвор Бобоевга бир воқеани эслатиб ўтиш жоиз бўлади. 1991 йил март ойида СССР бўйлаб “Янгиланган Иттифоқда яшашни истайсизми?” саволи билан рефрендум ўтказилганди. Маълумки, Иттифоқ янгиланса, СССР ичидаги республикларнинг ҳақ-ҳуқуқлари анча оширилиши назарда тутилганди. Яъни ҳеч сўзсиз, янгиланган Иттифоқ эскисидан яхши эди. Аммо, ўзбек мухолифати фақат мустақилликни истарди.

Ўша кунлардан бирида телевидение орқали ҳам кўрсатилган бир чиқишида Ислом Каримов ҳаммани янгиланган Иттифоқ учун овоз беришга чақириб туриб, шундай хитоб ҳам қилганди: “Баъзилар (алабатта, мухолифат назарда тутилмоқда - Ҳаракат) истаётгандек мустақил бўлиб қолсак, 200 га яқин мамлакатда элчихона очишимиз керак. Бунга етарли пулимиз йўқ-ку!”.

Мана шундай ибтидоий ўйлайдиган Ислом Каримов Ўзбекистонни қаерга олиб бороларди? Бу саволга ҳозир жавоб маълум. У Ўзбекистонни мардикорлар мамлакатига айлантироларди ва айлантирди ҳам.

Лекин Ислом Каримовни хурсанд қиладиган нарсалар ҳам бор. Гап шундаки, у ёқтирмайдиган мухолифат ичида ҳам унинг ўзи каби ибтидоий одамлар мавжуд.

Мана биттагина мисол. Ўша референдум олдидан, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳаммани референдумни бойкот қилишга чақирди. Чунки, унга “Ҳа” дейиш, анчагина янгиланган, аммо моҳияти эскича бўлган СССРда қолишга чақириш бўларди. “Йўқ” дейиш эса ўша эски СССРда қолишга чақириқ эди. Энг яхшиси, деди бирликчилар, референдумни бойкот қилиш ва мустақиллик учун курашни давом эттиравериш.

Бу масалада “Эрк” билан биргаликда ҳаракат қилиш таклифлари ҳам бўлди. Аммо, “Эрк” раҳбарлари, хусусан “Бирлик” раҳбарлари билан учрашувга шахсан келган Салой Мадамин референдумда ҳаммани “Йўқ” дейишга чақришимиз лозим деб туриб олди. У Абдураҳим Пўлатнинг “референдумда “йўқ” дейиш, эски Иттифоқда қолиш тарафдори бўлиш-ку” деган сўзларини ҳеч тушунолмасди ҳам.

Ҳозир йиллар ўтиб, бу калтафаҳм ҳам ўзнинг кимлигини тушунган бўлса керак. У энди мен бундай демаганман деб туриб олишини ҳам кутиш мумкин. Аммо, Ислом Каримов ўз ношудлигини миллионлаб телетомошабинларга ўзи кўрсатиб қўйган бўлса, эркчилар бир китобда бу воқеани ёзиб, ўзларини ўзлари шарманда қилишган.

Бу - Баҳтиёр Исобекнинг 1992 йилда чоп этилган “Эрк йўлида” номли китибидир. Унинг 39-40 саҳифаларида “Эрк” ҳаммани референдумдаги саволига “Йўқ” деб жавоб беришга чақирувчи 500 минг нусҳа варақа тарқатгани (аслида, бу ҳам эртак) билан мақтанар экан, “Бирлик”ни бу чақириққа қўшилмагани учун қоралайди. Қаранг, ўзбекларни чириган СССРда қолаверишга чақириб, 500 минг яп-янги варқа тарқатишибди

Яхши ҳамки, ўшанда ўзбеклар рефрендумдаги саволга “Ҳа” деб жавоб беришди, яъни учинчи вариант бўлмагани учун эскисидан яхши бўлган янги Иттифоқни танлашди. Учинчи вариант референдумни бойкот қилиш эди. Аммо, ўша пайтда халққа буни тушунтиришга, минг афсусуи “Бирлик”нинг кучи етмасди.

Аммо, Ислом Каримовнинг юқорида келтирилган сўзлари ва “Эрк” партиясини рефрендум бўйича чақириғи аниқ кўрсатмоқдаки, ношудликда Ислом Карим ва “Эрк” раҳбарлари бир даражада бўлишган. Референдумдан кейин бир йил ўтиб ҳам ўз партияси раҳбарларининг ношудлигини тушунмаган Баҳтиёр Исобекнинг кимлигини гапириб ўтириш ҳам ортиқча.