05 November 2009
00:07 - Шарль Азнавур Туркиядан арман ерларини қайтаришни талаб қилди, реалликни унутди чоғи
Машҳур шансонье, Арманистоннинг Швецариядаги элчиси Шарль Азнавур Туркия ва Арманистон орасидаги муносабатларни нормаллаштириш, ўртадаги чегараларни келажакда очиш ҳақида яқинда Цюрихда имзоланган шартномани Италия телеканалига берган интервьюсида олқишлади, айни замонда, Туркия ўтган асрнинг 20-чи йилларида ваъда қилган арман ерларини тезроқ қайтариши кераклигини таъкидлади. У бу хусусдаги Сталиннинг ваъдаларини ва Севр шартномасига кўра Туркиянинг Трабзон, Эрзурм, Ван ва Битлис вилоятлари Арманистонга берилиши кераклигини ҳам тилга олибди.

Эслатиш керакки, расмий номи Усмонли императорлиги бўлан Ислом Халифалиги тарафидан 1920 йил 10 августда имзоланган Севр шартномасига кўра, Туркиянинг бутун ғарбий қисми (Дарданелли ва Босфор бўғозлари, Истанбул ва Измир ҳам) ундан олиб қўйилиши керак эди. Ўша шартномада, Азнавур айтаётгандек, Туркиянинг жанубий вилоятларининг бир қисмини Арманистонга бериш кўзда тутилган бўлиши мумкин. бу Шартнома бутунлай кучга кирса, Туркия бугунги Анқара атрофидаги бир неча вилоятдан иборат бўлиб қоларди.

Шундай оғир шароитда ташаббусни Мустафо Камол бошчилигидаги миллатчи ҳарбийлар ўз қўлларига олганлар. Мустафо Камол ўз аскарларига “МЕН СИЗНИ ЖАНГГА ЭМАС, ЎЛИМГА ЧАҚИРАМАН” деб тарихда ўхшаши бўлмаган хитоб қилган ва шу пайтгача Халифаларнинг исломий чақириқларига қарамасдан фақат чекиниб келаётган турк аскари ҳужумга ўтган. Юз минглаб, балки миллионлаб турк аскарининг қони эвазига Туркия ҳозирги ҳудудларида сақланиб қолган.

1923 йилда имзоланган Лозанна (Швецария) шартномасига кўра, Европа Туркиянинг ҳозирги чегараларини тан олишга мажбур бўлган. Феълан йўқ бўлиб бўлган Халифаликка ўша йили расман нуқта қўйилган, 29 октябрда Туркия жумҳурияти тузилгани эълон қилинган.

85 ёшга кирган Азнаур бу реалликларни эсдан чиқариб қўйган бўлса ажаб эмас.