04 November 2009
23:04 - Экс-вазир Зокир Алматовнинг қариндоши суднинг кассация босқичида ҳам ютқазди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2007 йил 15 ноябрдаги ҳукми билан порахўрликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган Мирзо Улуғбек тумани жиноят судининг собиқ судьяси Абдуворис Исмоилов бугун кассация босқичида ҳам ютқазди. Иши кўрилаётган фуқародан 2000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида МХХ ходимлари томонидан ушланган Исмоилов Ўзбекистон Ички ишларининг собиқ вазири Зокир Алматовнинг қариндоши бўлиб, бу ҳақда ўз вақтида оммавий ахборот воситаларида кўп марта ёзилган. Бироқ Исмоиловнинг орадан роса икки йил ўтиб, судга кассация шикояти бергани тушунарсиз, демоқда даъвогарлар.

Эслатиб ўтамиз, Абдуворис Исмоилов дастлабки суд жараёнларида ҳукуматинг юқори амалдаги мулозимларига қарши кўрсатма берган, хусусан, Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш, саралаш ва лавозимларига тавсия этиш Олий малака ҳайъати котиби Марат Абдужабборовни доимий молиявий таъминлаб келганини таъкидлаган. Шундан сўнг суд мажлислари тезда ўтказилиб, у узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилинди. Унинг Ўзбекистон Олий суди котибияти мудири бўлган амакиси Олим Исмоилов тизимдан четлатилди.