04 November 2009
22:44 - Сайтимиз танқид қилгач, гуржи вазири хатосини тузатиши ва бошқа тасодифлар ҳақида
Кечаги хабаримизда Гуржистон Ташқи ишлар вазири Григол Вашадзе Россиянинг ҳам ватандоши экани, у бу ҳақдаги танқидий фикрларга узоқ вақтдан бери бепарволик билан қараб келаётгани хатолигини ёзгандик. Бугун гуржи вазири узоқ вақтдан бери ўзи эътибор бермай келаётган танқидларга қулоқ солиб, хатосини тузатгани ҳақида хабар келди.

Грузия-Online сайтининг бугунги хабарига кўра, Григол Вашадзе ўзини Россия ватандошлигидан чиқаришни сўраб, Дмитрий Медведев номига ариза ёзибди ва уни Россия паспорти билан Москвага жўнатибди.

Бу воқеа бизнинг сайтимиздаги танқид туфайли юз берди деган иддаомиз йўқ. Григол Вашадзе бизнинг хабаримизни қўйиб туринг, сайтимиз борлигини ҳам билишига гумонимиз бор. Вазирнинг бугунги қарори бизнинг танқидимиздан кейин келиши шунчаки тасодиф.

Абдураҳим Пўлатнинг “Гуржистон-Россия урушининг асл сабаби Россия Калининград ва Курилл оролларидан айрилшни истамаслигидир” дейилган фикрга асосланган мақоласи сайтимизда эълон қилингандан кейин, Иккинчи жаҳон урушидан бери Калининград борлигини ҳам унутгандек кўринган Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шредер тўсатдан Калининградга Кенингсберг номини қайтариш ҳақида гапириб қолгани, 10 йилчадан бери жим турган японлар Курилл ороллари муаммосини қайтадан кўтариб қолгани ҳам шунчаки тасодифлар.

Аммо тасодифлар доимий бўлиб бораверса, булар тасодиф эмас, қонуният бўлади. “Ҳаракат” сайтининг кучи шунда.

Қолаверса, Григол Вашадзе гуржи сайтларида ҳам эълон қилинган ўзбек мухолифати лидери Абдураҳим Пўлатнинг мақоласидан хабарсиз бўлса керак деган фикримиз йўқ. Сайтимизни ҳозир гуржилар ҳам кузатиб боришга ўтишгани шубҳасиздир.

Дарвоқе, японлар ҳам сайтимиз билан қизиқишларини биламиз. Бундан бир неча йил аввал Япония парламентининг кутубхонаси ўз сайтида бизга линк бериш учун рухсат сўраб, Абдураҳим Пўлатга мактуб ёзганини ҳам хабар қилгандик. Одатда, бирон сайтга линк бериш учун ундан рухсат сўралмайди. Аммо, японларнинг ўта назокатлиги ҳамма маълум. Балки, бу назокат эмас, бизга ҳурмат кўрсатишдир.