02 November 2009
04:21 - Украинада грипп пандемияси ҳам сиёсий курашда ишлатилмоқда
Авваламбор айтиш керакки, гап Украинада янги вирус (чўчқа) гриппи эмас, оддий грипп пандемияси (аҳолининг аҳамиятли қисми касаликка учраши) ҳақидадир.

Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Комитетининг билдиришича, грипп эпидемияси 10-12 октябрь кунлари Тернополь, Ивано-Франковск и Львов вилоятларида бошланган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий очиқланган маълумотларига кўра, шу кунга қадар гриппдан 53 киши ўлган, уларнинг ичида ҳомиладор аёллар ва ёш болалар ҳам бор.

Украинада авжига чиққан сиёсий кризис гриппга қарши кураш йўлида тўсиқлар яратмоқда. Сиёсий гуруҳлар президент сайлови олдидан грипп пандемиясидан ҳам сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.

Маълумки, зарғалдоқ инқилобининг лидерлари – ҳозирги президент Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко ашаддий душманга айланишган ва келаётган йилнинг бошида бўладиган президентлик сайловида бир-бирларига рақиблик қилишади. Шу сабабли бўлса керак, президент Юшченко ва унинг назорати остида бўлган Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Комитети мавжуд ҳукумат грипп эпидемиясининг олдини олиш учун етарлича ғайрат кўрсатмаганлиги сабабли у пандемияга айланганини айтади.

Иш шунгача бордики, Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Комитети махсус қарор чиқариб, ҳукуматга грипп билан олишиш учун кўрсатмалар берди. Мақсад – грипп билан курашда ташаббус президент қўлида эканлиги, ҳукумат яхши ишламаётганини кўрсатиш.

Тимошенконинг ҳукумати эса ҳамма нарса назорат остида эканлиги, грипп эпидемиясидан қутилиш учун ҳамма нарса қилинаётгани ва тезда бу муаммо бартараф этилишини гапиришдан ташқари, президент тарафини бу муаммони сиёсатлаштиришга уринишда айбламоқда.

Хуллас, Украинада грипп эпидемияси (ёки пандемияси) ҳам сиёий кризис ҳам давом этмоқда.