12 October 2009
11:20 - Сибирдаги қазилма бойликлар Хитой билан бирга ишлатилади, Ўзбекистон томошабин бўлиб қолмаслиги керак
Россия Хитойга Узоқ Шарқ ва Жанубий Сибирда хомашё базаси бермоқчи, деб ёзади русларнинг “Ведомости” газетаси. Маълум бўлишича, 2018 йилгача давом этилиши кўзда тутилган шартномага кўра, қазилма бойликлари биргаликда қазиб олинади. Аммо уларни қайта ишлаш ва хомашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш Хитойда йўлга қўйилади. Бу йўналишдаги ҳамкорлик программаси икки мамлакат раҳбари томонидан 23 сентябрда Нью-Йоркда тасдиқланибди.

Ишчи кучи танқис бўлган Россия Сибириядаги бойликларни якка ўзи ишлатолмаслиги, Ўзбекистон бу соҳада Россия билан ҳамкорлик қилиши кераклиги хусусида “Бирлик” 2003 йилдаги қурултойида махсус резолюция қабул қилганди. Хитой билан тузилган ҳамкорлик программаси кўрсатмоқдаки, ортиқча ишчи кучига эга бўлган Хитой амалий ишлар қилмоқда. Ўзбекистон томошабин бўлиб қолмасдан, шу йўналишда конкрет қадамлар қилиши керак.

Алоҳида урғулаш керакки, мамлакатнинг келажагига қаратилган стратегик программлар Ўзбекистонда фақат “Бирлик” Партиясида бор. Бу партиянинг меҳнат муҳожирларига оид таклифлари билан Ўзбекистон ҳукумати бир неча йил кечикиб шуғулланишга бошлади. Сибирия бойликларига оид масалада отни вақтлироқ қамчилаш керак.

Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг бундай масалаларга тиши ўтмаслиги ҳам маълум. Бирдан-бир имконият - мухолифатга йўл бериш ёки, энг камида, у билан ҳамкорлик қилишдир.