11 October 2009
14:25 - Қозоғистон чўлларига русларнинг “Союз” фазовий кемаси қўнди
Халқаро Фазовий Станциядан космонавтлар Геннадий Падалка ва Майкл Барратт ҳамда космик турист Ги Лалибертени олиб келган русларнинг “Союз” фазовий кемаси 2 соатча аввал Қозоғистоннинг Қарағанда яқинларидаги чўлга қўнди. Рус оммавий ахборот воситаларининг Учишларни Бошқариш Марказига асосланиб билдиришича, фазодан тушганларнинг аҳволи “қониқарли”. Кема қўнган ерларда ҳарорат +7. Космонавтларга чой беришибди, одёллар билан ўраб иситишибди, чунки космонавтларнинг скафандрларида кемадан чиққандан кейин ҳам мустақил ишлайдиган иситиш системаси йўқ.

Америкаликларнинг қайта-қайта ишлатиладиган шаттл кемалари билан солиштирса, “Союз” анчагина ибтидоий эканлигини тан олиш керак. Шаттллар 7-8 кишилик командани космосга олиб чиқолади, “Союз” эса 3 кишини. Шаттлар аэродромларга учоқ каби қўнади. “Союз” кемалари эса парашютда туширилади.

Америкаликларнинг билдиришича, ҳозир хизматда бўлган шаттл кемаларининг умри битмоқда. Уларнинг охиргиси 2013 йилда учса керак. Янги авлод шаттлар эса 2015 йилда тайёр бўлади. Шу сабабли орадаги икки йилда Халқаро Фазовий Станцияга учишлар русларнинг “Союз” кемаларида бажарилса керак.