11 October 2009
02:48 - Туркия-Арманистон ўртасидаги душманлик ҳавосини юмшатувчи шартнома имзоланди
Бугун Цюрих шаҳрида АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон, Россия ва Франция ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича бош вакили Хавьер Солананинг ҳам иштирокида бу икки мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари Аҳмед Давудўғли ва Эдвард Налбандян ўзаро дипломатик алоқаларни тиклаш ҳамда Усмонли Императорлигининг сўнги йилларидан бери давом этаётган Туркия-Арманистон душманлигига чек қўйиши кутилаётган 2 протоколдан иборат тарихий шартнома имзоладилар. Шартномага кўра, икки мамлакат ўртасидаги чегараларнинг очилиши ҳам назарда тутилган.

Бундай шартномага келиш осон бўлмади. Ҳатто бугун Цюрихда ҳам икки тараф шартнома имзолашдан бош тортиш нуқасига яна бир марта келди. Reuters агентлигига кўра, Ҳиллари Клинтон орага тушиб, вазиятни тузатган.

Энди икки мамлакатнинг парламентлари бу шартномани ратификация қилишлари лозим. Бу ҳам осон иш бўлмайди, балки, ҳеч қачон бўлмайди.

Армани миллатчилари Туркия ўтган асрнинг бошида арманиларга қарши қатлиом ўтказиб, 1,5 миллион арманини ўлдирганини тан олишини талаб қилмоқдалар.

Туркия миллатчиларининг талабалридан асосийси эса шундай: Арманистон 1993 йили босиб олган Озарбойжон тупроқларидан, хусусан, Тоғли Қорабоғдан чиқиб кетсин, кейин шартнома кучга кирсин.