11 October 2009
01:52 - Польша президенти Лиссабон Шартномасини имзолади
Бугун бу мамлакатнинг президенти Лех Качиньский Европа Иттифоқининг юксак даражали мулозимлари, хусусан Еврокомиссия раиси Жозе Мануэля Баррозу иштирокида ўтказилган тантанали маросимда Европа Иттифоқининг структурасида муҳим ўзгаришларни назарда тутувчи Лиссабон Шартномасини имзолади. Бу Шартномага кўра, ЕИ ўз президенти ва Ташқи ишлар вазирига эга бўлади. Яъни, ЕИ ягона давлатга айланиш йўналишида яна бир муҳим қадам қилади.

Шуни айтиш керакки, ЕИнинг бу йўналишда ривожланиши ҳаммага ҳам ёқмоқда, деб бўлмайди. Масалан, Ирландия бир неча йил аввал шу масала бўйича махсус референдум ўтказган ва кўпчилик унга қарши овоз берган эди. Икки ҳафта олдин иккинчи марта референдум ўтказилди ва Ирландия халқи Лиссабон Шартномасига ниҳоят “ҳа” деди.

Аммо, Польша ва Чехиянинг парламентлари бу Шартномани тасдиқлаган бўлсалар ҳам, бу икки мамлакатнинг президенти уни имзолашни турли сабаблар ўртага чиқариб, рад этиб келмоқда эди. Польша президенти бир неча кун илгари ҳам турли сўз ўйинлари қилиб, Шартномани имзолаш-имзоламаслиги ҳақида аниқ бир фикр этмаган. ЕИ Польша гомосесуалистларининг ҳуқуқий мақоми Польша ҳукуматининг рухсатисиз ўзгартирилмаслигига кафолат бергандан кейингина, бугун Лех Качиньский Шартномани имзолади.

Энди ЕИ аъзолари ичида Шартномани имзоламаган ягона давлат Чехия бўлиб қолди. Чехларни хавотирга солаётган нарса - Иккинчи жаҳон урушидан кейин Чехиядан чиқариб юборилган 3 миллион судет немисларининг муаммоси. Чехларнинг мақсади – бу немислар турли даъволар билан чиқишса, улар Чехия судларининг иштирокисиз кўрилмаслигига эришиш.

Демак, бу масалада ҳам ЕИ қандайдир кафолатлар бериб, Чехияни хотиржам қилишини кутиш керак.

Нима бўлганда ҳам, ЕИ қадамма-қадам ягона давлатга айланиш йўлидан кетмоқда. Глобализм асрида бу каби минтақавий бирлашишлардан қочиб бўлмайди. Марказий Осиё раҳбарлари ҳам ЕИдан ўрнак олиб, интеграцион жараёнларни тезлаштиришлари керак.