09 October 2009
02:12 - Қўғирчоқ театри: сайлов спектакли саҳнаси жонланиб қолди
Куни кеча ўз пленум ва кенгаш мажлисларини ўтказган Ўзбекистон Либерал демократик партияси ва “Миллий тикланиш” партиялари вакиллари олдиндаги Парламент сайловларида етакчилик қилиши ҳақида ўз газетларида ёзиб ётишибди. Сўнгги Президент сайловида режимбошининг номзодини олға суришдек илтифотга эришган либералчилар етакчиси Муҳаммадюсуф Тешабоевнинг тўлқинланиб гапиришича, шубҳасиз, улоқ уларда кетади. Парламентнинг аксарият ўринларини бу партия вакиллари эгаллайди. Бунга партия фаолларида куч ҳам, имкониятлар ҳам етарли.

“Миллий тикланиш”ни бошқараётган комфирқа мактаби директори Салом Турсуновнинг ўғли Ахтам Турсунов ҳамда собиқ “Бирлик”чи Хуршид Дўстмуҳаммад эса партия олдига миллатни тиклашдек улкан маъсулият қўйилганидан лоф уради. Халқ демократик партиясини сўл кучлар, либералларни эса ўнг кучлар деб атаётган бу партия вакилларига саҳнанинг ўртасидан жой тегибди, яъни улар марказдаги кучлар эмиш. Мазкур театрнинг режиссёри битталиги ва сценарийга қатъий амал қилиш шартлигини тушунган бечора актёрлар сайлов кампаниясини шу тариқа давом эттирмоқда.