08 October 2009
12:34 - Толибон АҚШ қўшинлари билан жангдан кейин ҳам ўша минтақада ҳукмрон эканлигини даъво қилмоқда, лекин...
Бундан бир неча кун аввал Толибон жангарилари билан АҚШ қўшинларининг сўнги йиллардаги энг катта жангида 8 америкалик, 2 афғон ҳукуматининг аскари ва 200 дан ортиқ жангари ўлдирилгани, АҚШ қўшинлари Покистон билан чегарадош Нуристон вилоятида назоратни тўла қўл остига олгани билдирилганди.

Кеча Толибон www.shahamat.org сайтида эълон қилинган баёнотида бу вилоятда ҳали ҳам ҳоким эканлиги, минтақанинг маркази Камдешда маҳаллий оқсоқоллар иштирокида ўз байроғини кўтарганини иддао қилди, дейилади Reuters агентлигининг хабарида. Лекин АҚШ ва НАТО қўшинларининг матбуот вакили полковник Уайн Шанс бу хабарларни ёлғонлади. Биз ҳали ҳам шу ердамиз, деди у, аммо бу минтақанинг баъзи жойларда қўшин ушлаб туриш ниятимиз йўқ, ўша ерлардан аскарларимиз олиб чиқилади. Ҳозирчи олиб чиқилмади.

Толибон АҚШ қўшинларининг Афғонистонга киришининг 8 йиллиги (террорга қарши уруш 2001 йил 7 октябрда бошланган) муносабати билан ҳам баёнот эълон қилиб, ўзи Ғарбга қарши эмаслигини, аммо чет эл қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетмагунча, уларга қарши уруш олиб боришини билдирган.

Маълумки, Ғарб расмийлари ҳозир Афғонистонда вазият ўзгартирилмаса, Толибон ҳокимиятга қайтиб келиши ва Ал-Қоида Ғарбга қарши ҳужумлар уюштириш учун плацдармга эга бўлиши мумкинлигини гапиришмоқда. АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондаги бошлиғи генерал МакКристал қўшимча қўшин истамоқда.

Ҳозир унинг талаби АҚШ президенти Обама тарафидан кўриб чиқилмоқда. МакКристал ҳозир мавжуд бўлган 104 минг кишилик қўшинга (унинг учтан иккиси америкаликлар) қўшимча 40 минг атрофида аскар талаб қилаётган экан.