08 October 2009
11:32 - ЕХҲТнинг Варшавадаги йиғилишида яна бир ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси чиқиш қилди
ЕХҲТнинг Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси (ДИИҲБ) томонидан Варшавада уюштириладиган йиллик йиғилишларнинг бу йилгиси 28 сентябрда бошланди. Аввалги хабарларимиздан маълумки, бу анжуманда бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам иштирок этишмоқда. «Эзгулик» жамияти раиси, «Бирлик» Партияси Бош котиби Васила Иноят йиғилишда чиқиш ҳам қилган. Маълум бўлишича, йиғилишда яна бир ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси, Виждон Маҳкумлари Комитетининг раҳбари Баҳодир Номозов ҳам чиқиш қилибди. Бу ҳақда фарғона.ру сайти хабар беради.

Баҳозир Номозов ўз нутқида сайтимиз ўқувчилари учун маълум бўлган воқеалар - Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг оммавий поймол этилиши, ҳуқуқ ҳимоячтиларнинг таъқиб этилиши, 35 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқхоналарда ётгани ҳақида гапирган ва Ўзбекистон расмийларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида қандайдир ижобий қадамлар қилинаётгани ҳақидаги баёнотлари қуруқ гап эканлигини алоҳида таъқидлаган.

Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу чиқишлари, ҳеч шубҳасиз, дунё жамоатчилигига Ўзбекистон ҳукуматининг кирдикорларини яна бир марта кўрсатиш нуқтаи назаридан муҳим ишдир. Аммо, тан олиш керакки, ҳуқуқ ҳимоячилари баёнотлар беришдан нарига кетолмаётганлари ҳам аҳвол ўзгармаётганига сабаб бўлмоқда. Чунки, ҳамма учун маълум бўлиб қолган аҳвол ҳақида бонг уришнинг ўзи етарсиз. Ҳуқуқ ҳимоячилари, табиий, бонг урушнни тўхтатмаган ҳолда, бошқа қадамлар ҳам қилишлари керак. Масалан, энг камида, ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кучлари етишини намойиш қилиб, ўз ташкилотларини рўйхатда ўтказишлари шарт. Бу – бугун Ўзбекистонда қилса бўладиган иш.

Ўзбекистондаги ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар рўйхатдан ўтса, шу нарсанинг ўзи мамлакатда янги ҳуқуқий ва ҳатто психологик ҳолат яратарди, кейинги одимлар учун йўл очиларди.

Айни замонда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятнинг яхшиланиши фақат ва фақат кўппартиялик демократиянинг ривожланиши билан параллел бориши мумкинлигини ҳисобга олиб, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақиқий кўппартиялик яратиш, инсонларнинг сиёсий ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўймаслик учун курашишлари ҳам керак.

Қолаверса, ҳуқуқ ҳимоячилари демократик мухолифат билан бир лагерда, демократия лагерида туриб фаолият олиб боришлари кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум нарса.