24 September 2009
12:00 - БМТ Бош Ассамблеяси очилди, қайси лидер нима деди
Кеча эрталаб Нью-Йоркда (Тошкентда кеча кечқурун 7:00) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 64-чи сессияси умумсиёсий баҳслар билан бошланди. Унда 120 мамлакатниннг давлат ёки ҳукумат раҳбарлари ўз ташқи ишлар вазирлари билан биргаликда иштирок этишмоқда. Бошқа давлатларнинг кўпчилиги бу маэлисга ташқи ишлар вазири ёки бошқа вакилларини юборишган. Умумисёсий баҳслар 30 сентябргача давом этади.

БМТ Бош Ассамблеясининг бу каби йиғилишларининг сценарийси аввалдан маълум бўлган театр спектаклларини эслатади. Бу ерда ким нима дейиши, ким минбарга чиққанда кимлар мажлис залини намойишкорони тарк этиши аввалдан маълум. 1960 йилда КПСС Бош котиби Никита Хрушчев қилгандек, оёғидан пойафзалини чиқариб, минбарга урадиганлар энди йўққа ўхшайди.

Агар БМТ сенсациялар гапириладиган жой бўлса эди, Барак Обама Шарқий Европада яратилиши режалаштирилаётган Ракеталарга қарши мудофаа системасидан воз кечганини айнан шу ерда эълон қилган бўларди. БМТда сенсация қилмаслик учун Обама ўз қарорини бир неча кун аввал очиқлаб олди.

Кечаги мажлисда дунёнинг бир қатор кўзга кўринган лидерлари (баъзилари, жанжалли нутқлари билан кўзга кўриниб қолишган) нутқ сўзлашди. Мана мисоллар:

АҚШ президенти Барака Обама жаҳон муаммоларига жаҳон нуқтаи назаридан ёндошиш лозимлиги, Россия билан стратегик қуролларни камайтириш шартномаси устида иш давом этиши, фақатгина АҚШ манфаатларини кўзлаб бир тарафлама қилинган ишлар учун ҳеч қачон кечирим сўрамаслиги каби умумий гапларни гапирди.

Ундан кейин сўзга чиққан Ливия диктатори Муаммар Каддафи берилган 15 дақиқа ўрнига 1 соатча гапирди ва БМТнинг бош қароргоҳини Нью-Йоркдан Пекин ёки Деҳлига кўчиришни таклиф этди, баъзи давлатларнинг Хавфсизлик Кенгашида вето ҳақлари борлигидан норозилигини билдирди.

Франция президенти Никола Саркози Эрон президенти Мҳмединажоднинг сиёсатини кескин қоралади.

Россия президенти Дмитрий Медведев Иккинчи жаҳон уруши натижаларини қайта кўриб чиқишга интилаётганларни, хусусан холокостни рад этаётган Эронни (номини тилга олмасдан) қоралади.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмединажод минбарга чиқаётганда АҚШ, Исроил ва Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатларнинг ҳайъатлари зални тарк этишди. Аҳмединажод ўз нутқида ривожланган давлатларни ядро қуролининг тарқалишини олдини олиш баҳонасида ривожланмаган мамлакатларнинг ривожланишига тўсиқ бўлишда, Исроилни Фаластинда арабларга нисбатан ноинсоний фаолият олиб боришда айблади.

Бу орада дунё лидерларининг икки томонлама учрашув ва музокаралари бўлиб ўтмоқда.