11 September 2009
11:45 - Холиқназар Ғани: Пахта йиғим-теримига тайёргарлик қизғин паллада, унга муносабат билдириш бурчимдир
Холиқназар Ғани: Пахта йиғим-теримига тайёргарлик қизғин паллада, унга муносабат билдириш бурчимдир

Ҳокимиятга яқин доиралардан олинган хабарларга қараганда, бу йил баҳорда об-ҳаво паст келиб пахта бир ой кеч экилганлаги, синоптикларнинг берган маълумотларига кўра, кузда ҳам ҳаво нормадан салқинроқ бўлиши кутилаётганлиги сабабли, вилоятда пахта йиғим-теримига тайёргарлик ҳамишагиданда қаттиқроқ, пухтароқ олиб борилмоқда. Вилоят ва туман ҳокимларининг вакиллари (уполномочиннийлари) жойларда бу ишни қаттиқ назорат қилмоқдалар.

Айниқса бу йил албатта мажбуран жалб қилиниши кутилаётган ёрдамчи-хашарчиларни кутиб олиш тадорикларига алоҳида эътибор қаратилмоқда: ётоқ жойлар, ошхона анжомлари, ўтин ва ҳ.к.. Бўлажак ҳашарчилар – шаҳар ва пахта экилмайдиган жойлардаги мактаблар, лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртлпри ва бошқа муассасаларнинг вакиллари (квартирьерлар) ўзлари биркитилган жойлар билан танишиб кетмоқдалар

Пахта йиғим-терими кампанияси бу йил ҳам аввалгидек бўлиши, яъни таълим муассасаларида ўқиш жараёнини тўла тўхтатган ҳолда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг мажбуран пахта йиғим-теримига жалб қилиниши кутилаётган экан, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида, бу масалага доир ўзимнинг баъзи мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Кўп йиллик кузатувларим асосида шундай хулосага келдимки, бу иллатга салбий муносабатдагиларнинг кўплари, ҳаттоки ҳуқуқ ҳимоячиларимиз ҳам бу масалани тўғри тушунмайдилар ёки унга ўз муносабатларини тўғри ифодалай олмайдилар.

Уларга кўра муаммо пахта теримига жалб қилинганларга яхши шароит яратилмаганлигида, хашарчилар у ерларда турли бахтсиз ҳодисаларнинг қурбони бўлаётганларида. Яъни улар иллатнинг сабаби эмас, оқибатига урғу берадилар. Уларча хашарчилар учун яхши шароитлар яратилса, мактабларни ёпиб ўқувчи ва ўқитувчи пахта йиғим-теримига мажбуран жўнатилса ҳам майли.

Ваҳоланки туб гап ҳукумат, ҳокимият органлари томонидан инсонларнинг, яъни ўқувчи ва ўқитувчи аҳлининг ҳеч ким ҳеч кимни мажбуран ишлатиши мумкин эмаслигидан иборат конституцион ҳуқуқи ўта қўпол равишда бузилаётганлигидадир. Мактабни ёпиб вояга етмаган болаларни мажбурлаб пахта тердириш эса инсон ҳуқуқи топталишининг ашаддий кўриниши дейиш мумкин. Чунки Ўзбекистон тан олган халқаро битимларга кўра, бу ёқда уруш кетаётган бўлса ҳам, мактабда дарс-машғулот узлуксиз давом этиши таъминланиши керак.

Ҳеч кимга бир соатга бўлсада мактабни ёпиб қўйиш ҳуқуқи берилмаган қонунларимизда.

Сайт маъмуриятидан: Холиқназар Ғани “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Самарқанд вилоят ташкилотининг раҳбаридир.