19 August 2009
00:33 - Human Rights Watch арнасойлик ҳуқуқ ҳимоячисини ҳимоя қилмоқда
Шу йилнинг 28 июлида Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Арнасой тумани бўлими раиси Оязимхон Хидирова безорилик, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда фирибгарлик каби сохта айбномалар билан ҳибсга олингани ҳақида 1 августда хабар бергандик.

Бугун махсус баёнот тарқатган Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими Ўзбекистон расмийларидан ҳуқуқ ҳимоячисини дарҳол озод этишни ва унга босим ўтказишни тўхтатишни талаб қилди.

Баёнотда Оязимхон Хидированинг қамоққа олиниши билан боғлиқ бўлган воқеаларнинг тафсилотлари, масалан, маҳаллий туман ҳокими Файзулло Салоҳиддинов ҳуқуқ ҳимоячисининг фермер хўжалигига оид бир неча юз гектар ерни ноқонуний йўллар билан тортиб олгани ёритилади ва Жиззах вилоятидаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу хусусдаги фикрларига ўрин берилади.