17 August 2009
01:46 - Абдурашид Дўстим Афғонистонга қайтди
Бир неча кун аввал Шимолий Афғонистондагии ўзбеклар ҳукуматдан Абдурашид Дўстимнинг қайтишига рухсат беришни талаб қилдилар, акс ҳолда 20 августда бўладиган президент сайловини байкот этишларини билдирдилар. Reuters агентлигининг хабарига кўра, Афғонистон расмийлари тарафидан (хабарда ким эканлиги билдирилмаган) Абдурашид Дўстим истаган вақтида қайтиши мумкинлигини билдирувчи баёнот тарқатилган.

Бугун Абдурашид Дўстим Қобулга қайтиб келди, дейди генералнинг ёрдамчиларидан бири Саид Нуриллоҳ.

Маълумки, 2004 йилдаги президент сайловида Абдурашид Дўстим ҳам номзод бўлган ва 10 фоиздан кўпроқ овоз олганди. Ҳозирги сайловда асосий фаворит Ҳамид Карзай, аммо сўровнома натижаларига кўра, у биринчи турдаёқ ғалаба қозона олмайди, у 46 фоиз овоз олиши кутилмоқда. Шу сабабли, Абдурашид Дўстим тарафдорларининг овози унга жуда ҳам керак.

Ўтган сайловдан кейин ўзбек генерали Карзай билан ҳамкорлик қилди, қуролли кучларнинг раҳбарларидан бирига айланди. Аммо, кейинчалик уларнинг оралари бузилди, маълум бир муддат уй ҳибсида ҳам қолган Абдурашид Дўстим ўтган йили Туркияга кетиб қолган эди. У ўз ихтиёри билан кетганми ёки уни кетишга мажбур қилишганми, маълум эмас.