Қуёш ёғду бўлиб порлаб турибди,
Шамчироқларига кўнганлар - телба.
Юксак - юксак кўклар чорлаб турибди,
Уйимнинг томига кўнайин нега?!
Қудуғим босарми чанқоқлигимни,
Денгиз тўлқинлари экан чақмоқлар?!
Бир гул эплайдими тупроқлигимни,
Яшнаб турганида не - не учмоқлар?!
Океан тошмоқда, нима ҳам бўлар
Ёздаги шудринглар - томчи-томчилар?!
Ердан Тангригача қамрагим келар,
Мени қониқтирмас динлар, элчилар…
Юксак тозалик бор, чексиз азиз бор,
Ўзимдай қусурли зотлардан кўра.
Кўникиш ўлимку, гўрку тордан тор.
Кўнмаслик - тириклик - ҳақ йўли, яйра.
Токи чексиз - чексиз толедан тотай,
Чекланган нарсалар қут эмас, энма.
Эркнинг чексизликдан озини нетай?!
Кўнмасликдан бошқа йўлларга кўнма.
2023 йил, 21 апрель.
* * * * *
Ота - онангдан сўнг яшаб бўлмайди,
Ота - онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
Ҳеч кимсадан тилка кўнгил тўлмайди,
Ота - онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
Очун хоқонлиги кирса қўлингга,
Сулувлар гул бўлса ҳар бир йўлингга,
Устун бўлолмайди чўккан дилингга,
Ота - онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
Ардоқлаб турса ҳам ўғилу қизинг,
Бўлолмаслар азизларингнинг изи,
Қора тупроқ тилар - сарғайган кўзинг,
Ота - онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
Бутун инсоният меҳрини йиғса,
Ёқмас ота - онангнинг аччиғича.
Ҳатто ғазабларин қўмсайман, йиғлаб,
Ота - онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
Улар тирик чоғда эсим етмади,
Пойларида бирон куним ўтмади,
Бу аччиғ тўхтамни ҳеч ким айтмади:
Ота - онанг ўтмай яшаб қол, шўрлик.
2023 йил, 21 апрель.