19 April 2023
05:46 - Сафдошимиз Носир Зокир - тарих бўйича фалсафа фанлари доктори, Қатағон Қурбонлари Музейи катта илмий ходими Бахром Израевнинг машҳур Файзулла Хўжаев ҳақидаги мақоласини юборди. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг изоҳи ҳам шу ерда!

Бахром Израев: СИЁСИЙ АРБОБ, НОТИҚ ВА МОҲИР ПУБЛИЦИСТ, ЎЗБЕКИСТОНИМИЗНИНГ МЕЪМОРИ, ҲАҚИҚИЙ ЛИДЕР,
ЎЗБЕКНИНГ ШОНЛИ ЎҒЛОНИ – ФАЙЗУЛЛА ХЎЖАЕВ - 125 ЁШДА!

Давлат ва сиёсат арбоби, тарихчи ва иқтисодчи олим, публицист-журналист Файзулла Хўжаев 1896 йил 1 июлда бухоролик миллионер Убайдуллохўжа Қосимхўжа ўғли хонадонида дунёга келган.

Отасининг Нижний Новгород, Кавказ, Оренберг, Москва, Питерберг ва бошқа шаҳарларда қоракўл, заргарлик, пахта савдоси дўконлари бўлган.

Файзулла Хўжаев 2 йил Бухоро мадрасасида таҳсил кўргач, 1907-1912 йилларда Москвада хусусий ўқитувчиларда таълим олди. 1912 йил отаси вафотидан сўнг, Бухоро мадрасаларида таълимни давом эттиради. 1913 йилдан “Ёш Бухороликлар” Партиясининг Марказий Кенгаши аъзоси бўлди.

Отасидан мерос қолган катта бойликни янги усул мактаблари очишга, ёш бухороликлар сиёсий фаолиятини моддий қўллаб-қувватлашга сарфлади.

У Беҳбудий ва Фитратни ўзига устоз деб билди. Уларнинг мақсади Бухоро заминига замонавий бошқарув, маърифат ва илм-фан ютуқларини жорий этиш эди. Ф.Xўжаев ва Фитрат партиянинг сўл қанотига бошчилик қилиб, улар Бухорода аввал конституцион монархия, сўнгра демократик республика тузиш учун кураш бошладилар. Бироқ, амирлик томонидан бу ҳаракат рад этилди, айниқса, 1917 йилги тўнтаришдан сўнг амир жадидлардан ўч ола бошлайди.

1918 йилги “Колесов воқеаси”дан сўнг жадидлар ва амир ўртасидаги кураш шафқатсиз кўриниш касб этди. Жадидларнинг етакчиси бўлган Ф. Хўжаев муаммонинг ечимини қидириб, 1918-1919 йиллар сиёсий эммигрант сифатида Москвада яшади ва советлар билан яқинлашади. Бир пайтда шўро ҳукумати учун Бухорода совет ҳокимиятини ўрнатишга киришди.Шўролар бу йўлда Бухоронинг ички зиддиятларидан, Ф.Хўжаев ва жадидлардан фойдаланишни мақсад этганди. Ёш бухороликларнинг ёшлигими, амир ҳукуматининг калтабинлигими ёки тақдири азалнинг ҳукмими, ҳарқалай большевикларнинг Туркистондаги мислсиз вахшийликлари ҳеч кимнинг кўзини очмади, воқеъликнинг ривожланишини тўхтатиб бўлмади.

Ф.Xўжаев 1920 йил январда Тошкентда инқилобчи Ёш Бухороликлар Партиясининг Туркистон Марказий бюроси раиси, 1920 йил апрель ва сентябрь ойларида “Учқун” газетаси муҳаррири бўлди. Амир салтанати ағдарилгач, 1920 йил 14 сентябрида БХСР ҳукумати бошлиғи этиб сайланди. 1920-24 йилларда БХР ташқи ишлар нозири, Ҳарбий ишлар нозири, Ички ишлар нозири, БХСР Меҳнат ва мудофаа кенгаши раиси вазифаларида фаолият кўрсатди.

Ф.Хўжаев бутун фаолияти давомида жадидлик ғояларига содиқ бўлиб қолди ва халқ маърифати учун курашни биринчи вазифа деб билди. Ҳокимиятга келганининг биринчи кунларидан Бухорода саводсизликни тугатиш, миллий етук кадрларни етиштириш мақсадида мактаблар, курслар, техникумлар, институтлар очишга киришди. Ўзи ҳам кечки курсларда дарс беради. 1920 йилнинг ўзидаёқ, Бухорода 7 та мактаб очиб, уларни “Юрт”, “Саодат”, “Нажот”, “Рўшнои”, “Шаҳодо” каби номлар билан атади. Бу номларнинг ўзи ҳам Ф.Хўжаев ҳукуматининг маърифатдан кутган асл мақсадини ифодаларди.

Ф. Хўжаев қатор чет мамлакатлар ҳукуматларига йўллаган мурожаатномаларида “Сунъий тузилган партия”, “Бухоро халқи “Ёш Бухоролик”лар таъсирида уйғонди”, деб таъкидлайди. У большевикларнинг радикал сиёсати тарафдори эмас эди. Ф.Хўжаевнинг қатъияти билан Бухоро ЧКси тугатилди, трибуналлар, сиёсий бўлимлар томонидан фуқароларни жазога тортиш вақтинчалик тўхтатилди. Ислом дини, масжид-мадрасалар хизмати, руҳонийларнинг фаолият эркинлиги тикланди, янги қозиликлар иш бошлади. 1920-24 йиллар БХСРда мавжуд вазиятни инобатга олиб, 3 хил мактаб: совет, вақф ва эски мактаб, мадрасаларни сақлаб қолди.

Ф.Хўжаев нафақат ўзбекларни, балки тожик ва туркман болаларини ҳам ўқитиш ишларини йўлга қўйди. Натижада қисқа вақтда Бухоро Жумхуриятида 32 та бошланғич ва ўрта мактаб, 11 та болалар уйи, кўплаб саводсизликни тугатиш курслари, ҳунар мактаблари, 4 та музика мактаби, 2 та ўқитувчилар институти ишга туширилди. 19 та маданий оқартув муассасаси, 17 та кутубхона, 1та музей, 1 та театр, 4 та кинотеатр ва клублар иш олиб борди. У Москвада БХСР болалари учун “Маориф уйи” ташкил этади.

Ҳатто, Бухоро фуқароларининг совет давлати олий ўқув юртларига киришларига ёрдам беришни ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди. Ф.Хўжаев Туркистондан Германияга талабалар юбориш ишининг ташаббускорларидан ва ҳомийларидан бўлди. 1923 йилга келиб, Москвадаги “Маориф уйида” 110 нафар, Германияда 76 нафар, совет иттифоқининг бошқа шаҳарларида ҳам кўплаб бухоролик талабалар илм олардилар. Ф.Хўжаев Германиядаги Туркистонлик талабалар учун алоҳида нашриёт олиб берди. 1922 йил 25 сентябргача бир ой давомида ўзи Германияда бўлиб, Туркистонлик талабалар турмуши билан қизиқади. У “Бухоро ахбори”нинг 1922 йил 19 ноябр санасида чоп этилган “Берлиндан мактублар” мақоласида Германияда ўқиётганлар орасида Мариямхон, Хайринисо, Зайнабхон каби туркистонлик ёшлар борлиги ҳақида ёзади.

Ф.Хўжаев миллий маданиятни ривожлантириш тарафдори сифатида тинимсиз кураш олиб борди. 1924 йил 21апрелда Марказий Осиёдаги илк кино ташкилоти “Бухкино”га асос солди ва ўз уйини уларга бўшатиб берди. Унинг раҳбарлигида Фитрат, Б.Солиев, М.Саиджоновлар халқ орасидан нодир китобларни тўплайди. Улардан амирнинг собиқ қози калонларидан Шарифжон Махдум Садри Зиё, Амир Абдулаҳаднинг укаси Сиддиқхон Ҳашматларнинг шахсий кутубхоналарини давлат тасарруфига олдирди.

Табиатан тадбиркор Ф.Хўжаев БХСРнинг мустақил ички ва ташқи сиёсат юритишига, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва демократик эркинликларни жорий килишга алоҳида эътибор қаратди. Совет Россиясидан ташқари Эрон, Туркия, Афғонистон, Хитой, Озарбайжон, ХХСР, шунингдек, Германия ва Япония билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Ф.Хўжаев бошлиқ Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати қўрбошилар билан яширин алоқа ўрнатиб, музокара асосида тинчлик йўли билан муроса қилишга интилди.

Файзулла Хўжаев Ўзбекистон ССР тузилгач 1924 йил ноябрь ва 1925 йил февраль ойларида Инқилобий қўмита – Мувақкат ишчи-деҳқон ҳукумати раиси, 1925-1937 йилларда ЎзССР ХКС раиси ва СССР МИК раисларидан бири лавозимларида ишлаб, кенг кўламли тадбирларни амалга оширди. ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ва Ўзбекистан КП МКга нисбатан мухолифат мавқеида турган “ўн саккизлар гуруҳи” (1925 йил ноябрь)га хайрихоҳ бўлган. “Қулоқ”ларни синф сифатида тугатиш сиёсатини ёқламаган. Ўзбекистонда ёппасига чигит экилиши пахта яккаҳокимлигига олиб келади, деб ҳисоблаб, Ўзбекистонда замонавий саноат иншоотлари қурилишида ташаббускор бўлди. Ф.Хўжаев миллий армияни шакллантириш учун тинимсиз кураш олиб борди. У 1924 йил биринчи армия генерали – командарм – армия қўмондони унвонини олганди. Қизи Вилоят Хўжаеванинг эслашича, у ҳеч қачон отасини ҳарбий кийимда кўрган эмас. Бизнингча, Ф.Хўжаев ўзининг ҳарбий унвонларини, орденларини қадрламас эди. Яъни, у бу унвонлар қўлдан кетган ватан ва истиқлол йўлида қурбон бўлган миллатдошларининг жони эвазига келганини чуқур англарди.

Ф.Хўжаев ўз ватанига, халқига муҳаббати чексиз бўлишига қарамай, оғир ҳаёт йўлини босиб ўтди. Чех адиби Эгон Эрвин Киш “...Ф.Хўжаевнинг боши эвазига шунчалик кўп олтин ваъда қилинган эдики, дунёдаги ҳеч бир бош бунчалик юқори нархланмаган эди” деганда ҳақ эди. У 1917-1918 йилларда амир томонидан икки марта ўлимга, Оренбургда дутовчи оқ гвардиячиларнинг ҳарбий дала суди томонидан отувга ҳукм этилганди. Унинг Бухородаги ҳукмронлиги ҳам ниҳоятта оғир шароитда кечди. Бу даврда унга қарши бир неча марта ҳужумлар амалга оширилди. Жумладан, 1921-1923 йилларда унга қарши уч карра тўппончадан суиқасд қилинган, яна бир неча маротаба пистирмалар уюштирилган. 1922 йилнинг ёзида унинг душманлари томонидан Бухоро кино театрига ўт қўйилиб, 100дан ортиқ ёшлар ҳалок бўлади. Ф.Хўжаев туйникдан зўрға чиқиб муқаррар ўлимдан қутилиб қолади. Бу “тасодиф”ларнинг ортида турганлар орасида миллий озодлик ҳаракати курашчилари қанчалик бўлса, шўро найрангбоз ҳарбийларининг ҳам ҳиссаси кам бўлмаган кўринади.

Ф.Хўжаев давлат ва сиёсат арбоби, тарихчи ва иқтисодчи олим, публицист-журналист сифатида бой илмий мерос қолдирди. Унинг 30 дан ортиқ китоб ва рисолалари, 200га яқин маъруза ва мақолалари Ўзбекистон тарихининг XX асрнинг биринчи чорагидаги жиддий муаммоларига бағишланган.

Шу ўринда Ф.Хўжаевнинг айрим асарларидан иқтибослар келтирсам, жумладан, 1928 йил “Октябрь инқилобининг ўн йиллигига” деб номланган асарида Туркистоннинг чор Россияси мустамлакасига айланиш жараёнини таҳлил этар экан. Чор Россияси ўзининг мустамлака мақсадида Туркистонга қанчалик интилса, Туркистон савдо доиралари ҳам Оврўпо моллари илинжида чор Россиясига бозори билан боғланиб борарди. Туркистондаги хом ашёни бошқа йўл орқали ғарбий оврўпонинг саноатли районларига чиқариш мумкин эмас эди.

Эрон, Афғонистон ва Ғарбий Хитой йўллари эса узоқ ва ўта хавфлик эди, дейди. 1935 йилда ёзган “Ўрта Осиёнинг миллий чегараланиши ҳақида” асарида юқоридаги фикрларини янада тўлдириб, “Ўрта Осиёнинг “ваҳший” халқларига нисбатан ўзининг маданият келтирувчилик вазифаси ҳақида бутун дунёга кенг шов-шув қилган чор ҳукумати, Туркистонни босиб олгандан кейин, Ўрта Осиё халқларининг ана шу турмуш оқимини ҳақиқатда ўзгартирмади... Албатта, капитализмнинг ўзи – телеграф, темир йўллар, қишлоқ хўжалик хом ашёсини дастлабки равишда, яъни ишлайтурган кичик саноат корхоналари, бир мунча шаҳарларнинг пайдо бўлиши – мана булар Ўрта Осиёнинг илгариги қиёфасини сиртдан ўзгартди.

Халқларнинг на миллий, на хўжалик эҳтиёжларига жавоб бермайтурган мана бу ясама маъмурий чегаралар иқтисодий нуқтайи назардан яна оғир натижаларга олиб борди. Улар миллий қарама қаршиликни кучайтирдилар; сувдан фойдаланиш масалаларини ва шунинг сингариларни янада кўпроқ чигаллаштириб юбордилар. Мана буларнинг ҳаммаси ягона натижага Ўрта Осиёдаги турли халқлар ўртасидаги душманликнинг кучайиб боришига олиб борди, Ўрта Осиёдаги айрим районларнинг хўжалик жиҳатидан нормал ўсувларига ҳалал берди.

Рус капиталистларининг буржуа “маданияти” ва маданият келтирувчилиги янги шаҳарларнинг чегараларидан нари кетмади: мактаблар, касалхоналар ва маданиятнинг бошқа мевалари Туркистонни босиб олганларнинг мулкига айланади ва имтиёзли синфларгагина хос бир нарса бўлиб қолади. Ўрта Осиёнинг ерли халқлари мана бу роҳатларнинг ҳаммасидан ҳам маҳрум эдилар. Бу соҳада улар томонидан қўшилган ягона нарса – миссионерларнинг ишлари ва русскотуземний мактаблардир”, деб хулосалайди.

Файзулла Хўжаевнинг 1933 йилда нашр этилган “Янги даврда шўролар вазифаси” асарида: “Биз шундай ҳолатларнинг шоҳидимизки, милиция бошлиқларидан биттаси, колхозчи, камбағал ва ўртаҳолларни ҳеч бир асоссиз қамоққа оладилар, деб ўнлаб мисоллар келтиради. Фикрини аҳвол яхшиланмаса келажакда улкан фожеаларни келтириб чиқаришига қаратади ва “Мана қўрқинч нимадан иборат. Бизнинг мамлакатимизда бундай аҳволлар юз бермаслиги учун, тездан ўзгариш ясавимиз керак(!)” деб қатъий талаб қўяди.

Ф.Хўжаев 1934 йил босилган “Қурилишимизнинг энг муҳим вазифалари” асарида: Ўзбекистон Шўролар Иттифоқининг пахта базаси эмас. Ўзбекистон ўзини етарли миқдорда ғалла билан таъмин қилишга интилиши Ўзбекистонни катта чорвачилик базасига айлантириш вазифасини ҳам қўя олишимиз лозим. Шунинг учун, Бухоро районларидаги қоракўл қўйчиликни ҳар томондан авж олдириш лозим, Фарғона, Тошкент ва Самарқанд районларидаги ҳар бир хўжаликда қуйруқли қўй бўлсин, Тошкент ва Қашқадарё районларида қора молчилик ривож топсин. Зарафшон, Шаҳрисабз ва Чироқчи районларида йилқичиликни авж олдириш керак. Бойсун ва Паркент районларида эчкичиликни ривожлантириш лозим. Жун ва тери ҳам бизнинг саноатимиз учун энг зарур хомашёдир.

Ўрмон хўжалигини тўғри уюштириш – бизнинг сув бойликларимизни кўпайтириш учун курашдир. Тоғларимизда ўрмон ўтқазсак сув запасларимиз албатта кўпаяжак, бу – ҳеч шубҳасиз ҳақиқат. У минг йиллар давомида амалда синалгандир. Бизнинг сув манбаларимизга қарасангиз, ўрмонлар йиртқичларча кесиб олинган, ўрмонлардан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш ишлари яхши йўлга қўйилмаган жойларда сув сўнгги йилларда камаяётир. Ўрмон, ерларимизни қумларнинг ҳаракатидан сақлаш нуқтайи – назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Бу масала Хоразм ва Бухоро районлари учун муҳим, дейди.

Файзулла Хўжаевнинг “Икки доклад” асарида эса “Маданий қурилиш тўғрисида нима дейиш мумкин. Мактаблар мактаб жиҳозлари билан таъминланмаган. Китоблар етишмайди. Ҳатто оддий дафтарлар ҳам йўқ. Касалхоналарда асбоб ускуна йўқ. Ахир шўро аппаратини ихтисосли кучлар билан тўлдирмасдан уни “тил ёғламачи”, ёт унсурлардан тозаламасдан, ундан бюрократизм ва бошқа ишга расмиятчилик кўзи билан қаровчиларни супириб ташламасдан, шўро аппаратини ерлилаштирмасдан, уни аҳолининг асосий оммасига яқинлаштириб бўлмайди. Шўролар ҳақиқатан ўзбеклашувлари керак. Бу ўзбеклаштириш шу тарзда бўлсинки, иттифоқ Марказий ижроқўми ва партиянинг Ўзбекистонда шўро аппаратини тўла ўзбеклаштириш, уни 1933 – йилда ўзбек тилига кўчириш, тўғрисидаги директиви амалга оширилсин” - дейди.

Ф.Xўжаев 1937 йил 9 июлда Москвада қамоққа олинди. Унга Советларга қарши “Ўнг троцкийчи блок” фаолиятига қўшилганлик ҳамда “Миллий иттиҳод” ташкилоти фаолиятига раҳбарлик қилганлик, “босмачилик” ҳаракати ва қўрбошиларни қўллаб-қувватлаганлик, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқа ўзбек зиёлиларига ғамхўрлик кўрсатганлик каби айблар қўйилди ва отишга ҳукм қилинди.

Ҳукм Москва атрофидаги Бутово қатлгоҳида ижро этилган. 1965 йил 6 мартда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси Ф.Хўжаевни айбсиз деб топди ва оқлади.

Ф.Хўжаев ўз давридаёқ халқнинг тирик афсонасига айланиб улгурган эди. У ҳақида бахшилар томонидан достонлар, кўплаб қўшиқ ва шеърлар яратилганди. Оқланганидан сўнг унинг 3 томлик “Танланган асарлари” нашр этилди. Ф. Xўжаев фаолиятига бағишланган “Бухоронинг жин кўчалари” (А. Мухтор) қиссаси, “Инқилоб тонги” (К. Яшин) драмаси, “Мен яшашни истайман” (Н. Наймов) роман-хроникаси ва бошқа асарлар дунёга келди.

Ўзбекистонда 1996 йил Ф. Хўжаевнинг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Ф. Xўжаев асарлари ва у ҳақидаги тадқиқотлар нашр этилди. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида Бухоро университети, Бухоро шаҳридаги педагогика коллежи, Бухоро шаҳридаги кўча, Тошкентдаги метро бекати, кўча, кўплаб ширкат хўжаликлари, мактаб ва маҳаллалар Ф. Xўжаев номи билан аталади. Айниқса, унинг уй-музейи бугун ватандошларимиз ва Ўзбекистон меҳмонлари учун говжум зиёратгоҳига айланган. У “Мен отамнинг олтинини олмадим, элнинг олқишини олдим” – деганда юз бор ҳақ эди.

Бугун Ф.Хўжаевнинг мағрур тимсолидаги фидоийлик, ватанпарварлик, жасорат намунаси ҳар бир ватандошимиз учун ибратдир. Унинг маънавий қиёфасини рус адибаси Галина Серебрякова (Магадан сургунгоҳларида) Ф.Хўжаевнинг қизи В. Хўжаева билан суҳбатда қуйидагича таърифлаганди: “Отангиз партия, давлат ишида ишламаган тақдирда ҳам яхшигина тарихчи ва иқтисодчи олим ёки ўткир журналист бўлган бўларди. У талантли эди. Менга Ўрта Осиё халқлари тарихи, айниқса, кўҳна Самарқанду Бухоро ҳақида илк бор маълумот берган инсон Файзулла Хўжаев бўлади. У менга ўрта аср жаҳонгири Амир Темурнинг юришлари тўғрисида соатлаб эринмай, зўр завқ-шавқ билан гапириб берар эди. Ўшанда мен уни катта билимга эга бўлган моҳир тарихчи олимлигига қойил қолган эдим. Бундайлар ҳаётда кам учрайди”.

Бу лавҳани тақдим этган Ислом Ҳолбойга ташаккур айтамиз.

* * * * *

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг изоҳи: Мен 1964 йили Москвада ўқиб юрганимда Ленин кутубхонасининг ҳамма тешикларни ковлаб, Ўзбекистон номли давлат 1924 йил 25 октябр куни ўзбекларнинг иштирокисиз СССР Олий Советининг президиуми тарафидан тузилганини, аммо ўзбеклар буни билмасликлари, ўзбекларнинг ўз тарихлари билан қизиқмасликлари, биз миллат эмас, пода эканлигимизни кўрсатиб турганини тушуниб, ўша йили Москва Энергетика Институтининг Саройида Москвада ўқийдигаи ўзбек студентларини йиғиб, Ўзбекистоннинг 40 йиллигини нишонлаган эдик. Бу ўзбек миллатининг тарихида қоладиган воқеа бўлган эди.

1937 йиллардаги қатағонлар даврида Ўзбекистон Министлар Советининг раиси Файзулла Хўжаев Москвада ўлимга ҳукм қилинганини 1964 йилдан аввал ҳам эшитгандим. Нимага шундай улуғ инсон Ўзбекистон давлатининг яратилишида иштирок этмаган, деб азоб чекардим.

Ҳозир Бахром Израевнинг мақоласини ўқиб, Файзулла Хўжаев тўғрисида анча тўлиқ маълумотлар олдим. Аммо, 1964 йилда Файзулла Хўжаевнинг исми номигагина тилга олинаётганидан ҳайрон бўлгандим. Мана энди билсам, ҳозир Файзулла Хўжаевнинг тарихи баъзи ўзбекча сайтларда, ҳатто Википедияларда ёритилаётган экан.

Нима бўлса ҳам, кеч бўлса ҳам, раҳмат сизларга Носир Зокир ва Бахром Израев.

Айни замонда алам билан қўшимча қилишим керакки, мен 1964 йилда Москвада ўқиётганимда ўзбекларнинг тарихини очишга бошладим, нима учун улуғ Файзулла Хўжаевнинг исми тилга олинмаётганидан азоб чекдим, 1991 йилнинг декабрь ойида бошқа республикалардаги халқ фронтлари ва халқ ҳаракатлари билан СССРни йўқ қилиб, Ўзбекистонни ҳақиқий мустақилликка қовуштирдик, шунинг учун ҳайвон Ислом Карим менинг бошимни ёрдириб, Ўзбекистондан қочиб кетишга мажбурлади, мана ҳозир узоқ АҚШда яшаб, ватаним ва миллатимниног озодлиги учун курашиб ётибман.

Аммо, Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг қаноти сифатида менинг ташаббусим билан яратилган “Тўмарис” аёллар ташкилотининг икки аъзоси, яъни “Бирлик”нинг ҳам аъзоси, кечагача мен билан бирга эканликларни такрорлаб ётган Вазира Эгамбердиева ва Лутфия Йўлдошева менга айтмасдан чўчқасифат Xидирнaзaр Aллoқулoв томонидан қоғоздагина тузилган "Xaқиқaт, Тaрaққиёт вa Бирдaмлик Дeмoкрaтик Пaртияси"га ўтиб кетибдилар.

Нима ҳам дердик, ўзбеклар шу аҳволдаки, миллатнинг мен каби фарзандлари ва Лутфия Йўлдошева ҳамда Вазира Эгамбердиева каби тўғри келган жойда фикрини ўзгартириб ташлайверадиганлари бор. Чидаймиз, аммо ғалаба биз тарафда, ўзбекнинг асл фарзандлари тарафида бўлади.

Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Файзулла Хўжаев каби ҳақиқий ўзбекларнинг арвоҳлари ҳам яна чидашга маҳкумлар.