01 April 2023
00:48 - Юсуф Жума: КИМ АЙТДИ - ТАНГРИ ЖИМ – ДЕБ БИЛ, ҲИКМАТЛАРИГА ТИЛИМ - ТИЛ, БАС, ЖЎРОВОЗ ЭМАСМИ ЭЛ, БИЛГАНЛАРИНГНИ БИЛДИРМА…Y
Чайнадилар сени кўнглим,
Тишларини синдирдингми?!
Юрагимсан, тоғим, дилим,
Тишларини синдирдингми?!

Қанча нишли бўлса бари
Ниш санчди найза сингари,
Жигарим, ёр бўлиб Тангри,
Нишларини синдирдингми?!

Барча ёғий, эй кўк бошим,
Сенга ёғди очун тоши,
Силадими Очунбоши,
Тошларини синдирдингми?!

Ўлим уйқуси - иш - ташвиш,
Уйғоқ йўқдир, эрк - ширин туш,
Сўзим - Тангрим берган олқиш,
Тушларини синдирдингми?!

Қашқир синса, нор унади,
Қузғун синса, сор унади,
Ёғий синса, эр унади,
Тангрим, мени ундирдингми?!

2023 йил,30 март.

Ойу кунлар ўтаётир,
Ойу кунлари ботмоқда.
Мен қаёққа кетмоқдаман,
Умр қаёққа кетмоқда?!

Бошим билан оёқларим,
Оёқларига тортмоқда.
Ёнган жоним ёна - ёна
Дудоқларига тортмоқда.

Ёнган кўнглим ёна - ёна
Ёноқларига тортмоқда.
Мен учмоққа кетмоқдаман,
Умр тупроққа кетмоқда.

Севги умрга буйсунмас,
Умр севгига бўйсунар.
Шундан ўлимлар синади,
Шундан мангулик унади.

Умр менга эргашади,
Сулув, сенга етган куним.
Ёшлик бўлиб, оташ бўлиб,
Ўтмас бўлиб, қайтган куни…

2023 йил, 31 март.

* * * * *

Билганларни кечирмаслар,
Билганларингни билдирма.
Очиқкўзни очтирмаслар,
Билганларингни билдирма.

Чиқиб қолса эси бутун,
Уни қўймайдилар бутун,
Турмуш - чидаб бўлмас ўйин,
Билганларингни билдирма.

Тескари кўкларнинг иши -
Этдилар тегирмон тоши.
Янчилмасин азиз бошинг,
Билганларингни билдирма.

Оппоқ бошинг - оқ ундир - кун,
Қора манглай - қора ун - тун,
Емиш бўлма - ун бўлма, УН!
Билганларингни билдирма.

Ким айтди - Тангри жим - деб, бил,
Ҳикматларига тилим - тил,
Бас, жўровоз эмасми эл,
Билганларингни билдирма.