Жонимни олиб кет, ўжар - ўрлашди,
Ўзимга бўйсунмас, бўйсунар сенга.
Оёғингдан сочинггача чўлашди,
Ичидагиларни қолдиргин менга.
Чўлашдию - тугун бўлди сен билан,
Тугун - тугун бутун бўлди сен билан,
Ўту ўтга ўтин бўлди сен билан,
Ичидагиларни қолдиргин менга.
Ўзинг кетмоқдасан - кет - ихтиёринг,
Ўзи истасину бўлайин ёринг,
Жонимнинг ичида орттирган борим,
Ичидагиларни қолдиргин менга.
Эвини билганлар эвида эмин,
Сенга ҳам эвингни билдирсин - омин!
Жонимнинг ичида Тангри билан сен,
Ичидагиларни қолдиргин менга.
2023 йил, 29 март.
* * * * *
Қайларда қолдинг, жон ерим,
Чиққан жоним қайга борсин?!
Нозиккина жон томирим,
Чиққан жоним қайга борсин?!
Менга кўрмай вафони эп,
Сенга вафо этаман деб -
Оловингдир, жонон қўрим,
Чиққан жоним қайга борсин?!
Чақмоқ бўлиб ўт бўлган тан,
Сени излар жоним билан.
Икки очундаги тўрим,
Чиққан жоним қайга борсин?!
Жойингку экан - яширин,
Жонимни чиқардинг нечун?!
БируБорим - БоруБирим,
Чиққан жоним қайга борсин?!
2023 йил, 29 март.