Ўгитимни айтай, ўтган синовдан:
Тангрига ишонсанг, ўзингга дўстсан.
Агар ишонмасанг, ўзингга ёвсан,
Тангрига ишонсанг ўзингга дўстсан.
Кўп карра алдандим - инониб кўпга,
Кўзимни тўлдириб кетдилар чўпга,
Тангрига бошласин - эсингни тўпла,
Тангрига ишонсанг, ўзингга дўстсан.
Қўлинг йўқдир - Ўзи қўлламас экан,
Бошинг йўқдир - Ўзи силамас экан,
Ўзинг йўқдир - Ўзи суямас экан,
Тангрига ишонсанг, ўзингга дўстсан.
Тангрига ишончинг бўлса қанчалик,
Ўзингга дўстлигинг айнан шунчалик!
Бу йўлда ютмади ҳеч ким менчалик,
Тангрига ишонсанг, ўзингга дўстсан.
Чексиз ёмон кўрар, этмайди ардоғ,
Етакчинг бўлайин деганни носоғ,
Тангрига ишонган кишигина соғ,
Тангрига ишонсанг, ўзингга дўстсан.
2023 йил, 29 март.
* * * * *
Бошдан - оёғингдир топ - тоза дудоғ,
Бошдан - оёғимдир ичи кир димоғ.
Тангри лаб устига қўйган бурунни,
Мени устингда қўй, ҳақ йўли шундоқ.
Ёнса тоза гул ҳам, кир чўп ҳам - оташ,
Икки оташ бўлсин қўшалоқ - қўшоқ!
Чирмовуқ ўрганиб чирмашларимдан,
Десин - чирмаш бундоқ бўларкан, бундоқ?!
Оловга кўмайлик еру - кўкларни,
Бирубор кўшкини этайлик ётоқ.
Сийлар ҳақ йўлида бўлганларни ҳақ,
Тангрига олқишлар, айласин ардоқ!!!
2023 йил, 28 март.