25 March 2023
09:28 - Юсуф Жума: СОЛИШТИРИШ ФАЛСАФАСИ
Инсонларни бир - бирига солиштир,
Солиштирсанг тоза инсон топасан.
Жононларни бир - бирига солиштир,
Солиштирсанг тоза жонон топасан.

Тангридайин тоза инсон топилмас,
Тангридайин тоза жонон топилмас,
Тангридайин тоза ёрон топилмас,
Солиштирсанг тоза ёрон топасан.

Гулзорларни пашша - чивин талайди,
Қўнғизлар ҳам орасида яйрайди,
Сундувочлар шундан куйиб сайрайди,
Солиштирсанг тоза бўстон топасан.

Тангри берган сўзни битсам - азиздир,
Ўзим битсам - нодонликдир - ожиздир,
Сўзни сўздан фарқламас эл ноқисдир,
Солиштирсанг тоза девон топасан.

Солиштириш - бу очуннинг ўлчови,
Йўқса, бошинг ёзида қиш қирови,
Ёндиради шубҳаларнинг олови,
Солиштирсанг тоза имкон топасан.

Элаб кўрса дўст - душманни очиқ кўз,
Чиқади ёғийдан ёрларинг ёвуз,
Ёвингни сев - дер сун Исо шу боис,
Солиштирсанг тоза томон топасан.

Мендек ўлчов қилиб Тангрини олма,
Барчадан юз ўгириб, ёлғиз қолма,
Ҳатто кўкка солиштирмай кўз солма,
Солиштирсанг тоза осмон топасан.

2023 йил, 24 март.

* * * * *

Товуш бўлиб яқинлашган
На одим, на қадам бордир.
Ёд этмаслар дарди ётлар,
На ҳамдард, на ҳамдам бордир.

Юртдошларда юрт ғами йўқ,
Юрт юкидан оғрами йўқ,
Сўзида чиннинг таъми йўқ,
На эс бордир, на эм бордир.

БируБорим мунча қаттиқ,
Нечун ҳақни этмас тортиқ,
Ўзида ҳам йўқдир ортиқ?!
Балки камдан ҳам кам бордир?!

Ташнаман ,ташнадан ташна,
Излайман эркдан бир чашма,
На ердан бирон нам ва на
Кўкдан шудринг - шабнам бордир.

Келгин, овозсиз жиларим,
Эшикни очмай келарим -
Тангрим, сендан ёр тиларим,
Қачон дам бор - санам бордир.

2023 йил, 23 март.

* * * * *

Ўтар бўлсам, изинг тушган сўқмоқлар,
Мени исинг билан қўноқ этарлар.
Боғингдаги чулдур - чулдур сайроқлар,
Мени нозинг билан қўноқ этарлар.

Ерга тушган сочинг бўлиб чирмовуқ,
Еру кўкка чирмаш - қора тун қуюқ.
Кўзинг тушган не - не юлдуз порлоқлар,
Мени кўзинг билан қўноқ этарлар.

Ойдин юзинг кундуз бўлиб ёйилар,
БируБорга ёғду бўлиб қуйилар,
Тангридасан, ишонаман ардоқлар -
Мени ўзинг билан қўноқ этарлар.