22 March 2023
01:24 - Юсуф Жума: ЖОНИМ ҚОЛДИ ЖОНОНИНГДА, ЖОН ЎЛКАМ, ЖОНИМ ҚОЛГАН ЖОЙГА КЕТГИМ КЕЛАДИ….

Аттанг, - дейман - аттанг, аттанг, минг аттанг,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!
Сотқин бўлиб чиқди, ким деб этсам жанг,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Ўтган ҳаётимнинг ҳатто милёндан
Бирини тикмадим жонимга жондан.
Ўпқондан ўпқонга кўчдим ўпқондан,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Минг бир карра сотди - энг яхши ҳамдам,
Энг кам сотганидир, энг камдан ҳам кам,
Бор тиғни жойласам жигарида жам,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Қай томондан чиқса дод деган товуш,
Ўша ёққа чопиб ўтдику турмуш?!
Қутқарганларимга бўлдимку емиш,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Элу юртга жонин тикканлар учун
Жон берсанг арзийди, жон бергин, лекин
Номардларга бўлсин барча қирғин қин,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Бир ўзингни ўйлаб ўтмагин зинҳор,
Бунда БируБорнинг бор қарғиши бор,
Унутиб қўймагин ўзингни ҳам хор,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Эртага ўзим деб аталган мазлум,
Ёқамдан олмасми этди деб зулм?!
Уни бор балога қилдимку маҳкум,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

Калхатларга боғлар ўстирдим, вале
Ўзим учун бир гул экмадим ҳали,
Оқарсин пешонам ёғдунгдан,Тангрим,
Яшашинг шарт экан ўзинг учун ҳам!

2023 йил, 20 март.

* * * * *

Водариғ, ўзимдан ўрганиб кеча,
Бугун ўргатмоқда ўзимга барча.

Сўзимни такрорлаб сўзма - сўз - айнан,
Тентак уқмайди деб санарлар тубан.

Кўпни енгиш қийин ноҳақ бўлса ҳам,
Кўп тутунга тутқун кун ҳам ложарам…

Барча тил - тилимдан тарқаган шева,
Тилимга нописанд барча тил - ғўра.

Ўзимни ҳам шундоқ менсимас бор ғўр ,
Мени ерга уриб, талашади тўр…

Тағин ўрганарлар ўзимдан бугун,
Эртага ўзимга ўргатиш учун.

2023 йил, 20 март.

* * * * *

Тақдир - шамол, соврилдику сомоним,
Доним қолган жойга кетгим келади.
Тақдир - бўрон, кўчдику биёбоним,
Коним қолган жойга кетгим келади.

Тақдир - оташ,соврилдику тутуним,
Кўкка юлдуз бўлди ҳар бир учқуним,
Қўрим қолди - қолди қуёшим - куним,
Куним қолган жойга кетгим келади.

Тупроғимда қолгандирман қон бўлиб,
Сўқмоғида қолгандирман қон бўлиб,
Оёғида қолгандирман қон бўлиб,
Қоним қолган жойга кетгим келади.

Тақдир - ўлим,қуридику бор тинкам,
Ёт ерларда судралади кўланкам,
Жоним қолди жононингда, жон ўлкам,
Жоним қолган жойга кетгим келади.

2023 йил, 20 март.