16 March 2023
15:41 - Юсуф Жума: СЎЗ АЙТСАНГ - ШОНИ КЎП БЎЛСИН, ОСТИДА КОНИ КЎП БЎЛСИН: СЎЗЛАРИНГДА СЎЗ СОНИДАН - ҲИКМАТНИНГ СОНИ КЎП БЎЛСИН!!!…

Йўқ ёмонга ўлим, яхшига турум,
Эски чиндан чин бу, валекин маълум:
Тангрим ўлмайдику яхши бўлса ҳам
Тангрим мангуликда яшарку муқим…

2023 йил, 14 март.

* * * * *

Отангнинг юзига югурдингми - дод,
Нодон, болангдан бўл энди эҳтиёт.
Онангнинг юзига югурдингми, бас,
Сенга ҳушёрлик ҳам бермайди нажот…

2023 йил, 14 март.

* * * * *

Ҳеч кимга озор бермай деб юраман йўл чеккасида,
Яшайман очун четининг энг четдаги кулбасида.
Лек мени барча қопмоқчи, қутузлар тиши етмайди -
Тангримга ишончимдаман - Тангримнинг кўланкасида!

2023 йил, 15 март.

* * * * *

Қўрқоқлигинг жазосини қўрқоқлигингдан оласан,
Аҳмоқлигинг жазосини аҳмоқлигиндан оласан.

Эр бўлмайсан, эрк кўрмайсан, ер - кўкдан ер - кўк кўрмайсан,
Ялтоқлигинг жазосини ялтоқлигингдан оласан.

Барча бало феълингдадир,барча бало белингдадир,
Олчоқлигинг жазосини олчоқлигиндан оласан.

Болангнинг ичи феълингдан, болангнинг сирти - белингдан,
Чатоқлигинг жазосини чатоқлигингдан оласан.

Ўзинг - ошинг, ошингни ер - ўз бошинг ўз бошингни ер,
Кўёқлигинг жазосини кўёқлигингдан оласан.

Ҳар битта ёмон қилмишинг - Тангридан йироқ бўлишинг,
Қулоқлигинг жазосини қулоқлигингдан оласан.

Ўзига дўст - ягона бўл, бас, Юсуф, бас, мардона бўл,
Иноқлигинг сазосини иноқлигингдан оласан.

Тушунтириш: Сазо - эваз, мукофот.

15 март, 2023 йил.

* * * * *

Бошимда барча - гавжум,
Бағримда барча - гавжум.
Дардимда битта ўзим,
Ғамимда битта ўзим.

Қон - ҳатто устихоним,
Қонимда битта ўзим.
Тақдир - қон - чиққан жоним -
Ёнимда битта ўзим.

Куйчисиман - ёлғиз - хор,
Номард,нодон галанинг.
Имкон берса БируБор
Дорга тортсам ҳаммани!…

Юртим менгзайди менга,
Бошида ёғий - қўшин,
Бағрида барча сотқин,
Талаб ётибди очун.

Ҳеч ким йўқдир дардида,
Ҳеч ким йўқдир ғамида.
Тангрим, дунёни топшир
Темурбекнинг дамига!!!

2023 йил, 14 март.