28 February 2023
20:15 - Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: ИККИНЧИ АРМОНИМ
Бир ишни иштиёқ билан бошладим, айрим сабабларга кўра давом этмай қолди. Ғоя кучли эди. Тўла амалга ошира олганимда тарихимизда катта бир кемтикни тўлдирган, бугунга ва келгусига жуда керакли иш қилган бўлардим.

У ғоя нима? Қачон ва нима сабабдан туғилган? Сабабдан бошлай.

Ҳар қандай истибдод (диктаторлик) иккита устунга – ЁЛҒОН ва ҚЎРҚИТУВга таянади. 90-йиллар иккинчи ярмига келиб Ислом Каримов мамлакатни бошқаришнинг истибдод услубига ўтди. Узил-кесил шу йўлни танлади. Ёлғон ва қўрқитувни ўзининг бош воситаси қилиб олди.

Истибдод сари илк қадамлар 1993 йилнинг кичик қатағонлари билан ташланган бўлса, 1999 йил феврал портлашлари билан чўққисига чиқди, 2005 йил 13 май Андижон қирғини билан мантиқий якунига етди!

Ва кўзланган натижага эришилди – халқнинг руҳи тўла чўкди, ёппасига юрагини олдирди, онги чайқалди, ёлғонга суриштирмай ишонадиган бўлди, бошқарувга қулай манқуртсифат, қўйсифат оломонга айланди.

Ҳаётимизда ёлғон кириб бормаган соҳа қолмади. Жумладан, тарих илми ҳам.

Масалан, ўрис-совет мустамлакаси даврига на сиёсий, на тарихий ва на иқтисодий баҳо берилди. Аксинча, кечаги хўжайин “улуғ оға”нинг юз хотири учун (аслида унинг зимдан босими остида) мустамлака тарихи зўр бериб хаспўшланди, аччиқ ҳақиқатлар эл-юрт хотирасидан ўчирилди. Мустақиллик тарихи эса бошидан-охиригача қалбакилаштирилди.

Ўзбекистон мустақиллигига тиш-тирноғи билан қаттиқ қарши бўлган одам ўзини “мустақиллик меъмори” деб эълон этди. Янги тарих бу ёлғон ўшанда битилди.

Озодлик ғоясини кўтариб чиққан, бу йўлда бошини кундага қўйиб курашган ойдинларимизнинг ва улар бошчилигидаги халқимизнинг қаҳрамонона хизмати камситилди ёки умуман кўрсатилмади.

“Бирлик” халқ ҳаракати, “Эрк” демократик партияси тузилишлари ва уларнинг мустақиллик учун кураши воқеалари кўзлардан яширилди, ижобий ишлари ҳам тескари талқин қилинди. Эсланса, фақат салбий маънода эсланадиган бўлди.

Бу қабиҳ найранглар бари кўз ўнгимизда кечди. Ҳақиқат айттирилмади. Юрак ютиб айтганлар қамоқларга тиқилди, мамлакатдан қувилди. Ташқарига чиқиб кетиб ҳақиқатни айтганларга қарши эса, туҳмат-бўҳтонлар уюштирилиб, муттасил қораотлиқ қилиб келинди.

Давлатда Ислом Каримовнинг ҳушига ёқадиган “фикр” яккаҳокимлиги ўрнатилди, бошқача фикрлар қатағонга учради.

Бундай ҳол (фикр яккаҳокимлиги) давом этса, келгуси авлод асл ҳақиқатларни билмай ўсиши аниқ бўлиб қолди.

Худди ўша паллаларда туғилди менда бу ғоя-лойиҳа. Яъни, 80 – 90-йиллар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида сезиларли из қолдирган шахслар билан суҳбатлар уюштириб, устидан қалин парда тортилган асл тарихни очиб халқимизга кўрсатиш керак деб ўйладим.

Зотан, мени “Бу кунлар”ни (2011 – 2013) ёзишга ундаган истак ҳам шу ғоядан туғилган.

Ўзимча хаёлан рўйхат тузиб юрдим. Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Шукрулло Мирсаидов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов, Абдуманнон Пўлатов, Дадахон Ҳасан, Зоҳир Аълам, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Обид қори Назаров, Бек Тошмуҳаммад, Зоҳид Ҳақназар, Гулчеҳра Нуруллаева, Мурод Муҳаммад Дўст, Жаҳонгир Муҳаммад, Пўлат Охун, Абдулазиз Маҳмудов, Миразиз Аъзам, Маҳбуба опа... ва яна уч-тўрт киши билан суҳбатлашиб, камида йигирма-ўттиз йиллик воқеаларни тасвирга туширишни мўлжалладим.

Менинг ўрнимда чинакам журналист бўлганида узоғи билан бир-икки йил ичида бу режани ортиғи билан бажарган бўларди. Ана-мана деб, орқага сура-сура вақтни ўтказиб юбордим ва, мана, рўйхатдаги инсонлардан тенг ярми оламдан ўтиб кетди ҳам. Афсус...

Биламан, бир пайтлар коммунистик мафкурага ва мустамлакачи СССР давлатига қарши елкама-елка туриб курашлар бугун бир-бири билан аҳил-иноқ эмас. Ҳатто бир-бирига душман. Шундай бўлса ҳам, менинг режам бўйича, ҳар ким ўзининг ҳақиқатини айтса, ўзи иштирокида юз берган воқеаларни эсласа, кейинги авлод ўзи асл ҳақиқатни ўртадан топиб олаверарди.

Анча ҳаракат ва келишувлардан сўнг биттагина филм-суҳбат қила олдим. Тўла қониқмаган бўлсам ҳам (айтдим-ку, профессионал журналист эмасман-да), ҳарҳолда ёмон чиқмади, менимча. Шоир ва сиёсий арбоб Муҳаммад Солиҳ билан 2019 йил сентабир – ўктабир ойларида ўн кун давомида нақ 30 (ўттиз) соатлик суҳбатимизни тасвирга туширдик.

* * * * *

“Ҳаракат”: Эй, эси паст Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, “Бирлик”ни Ислом Каримнинг ёлғон ваъдаларига ишониб сотган, шу билан миллат ва ватанимизга хиёнот қилагн 53-54 лақабли Салой Мадаминов (яна бир лақаби – Муҳаммад Солиҳ) билан 30 соатлик суҳбат қилибсан. Нима, сен ҳам унинг ифлослик ишларини ва сотқинлик усулларини ўрганиб, энди миллатга сотқинлик қилмоқчимисан? Биронта ақли-ҳуши жойида бўлган инсон сан ҳайвон билан суҳбат қилмайди.