14 February 2023
08:30 - Ёзувчи Фозил Фарҳод (Жабборов) ёзган "Йиғлама, Туркия" шеъри билан танишинг

Таниқли ёзувчи Фозил Фарҳод (Жабборов) тарафидан ёзилган "Йиғлама, Туркия" шеърини тақдим этмоқдамиз

Авваламбор айтишимиз лозимки, Фозил Фарҳод 1985 йил 26 августда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Арслонбойли маҳалласи Бўйрабоб қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетида бакалавр босқичини 2010 йил, магистр босқичини 2014 йили тамомлаган. «Мактуб», “Кўклам куйи” номли насрий китоблари чоп этилган. Фозил Фарҳод: ЎҒЛИМ "МУҲАММАД" ДЕДИ

Унинг "Йиғлама, Туркия" шеърига ўзи берган таҳрири ҳам ўқувчилримизнинг эътиборига лойиқ. Мана ўша таҳрирдан баъзи сатрлар: «Унга Ҳатайдаги саккиз кишилик оиладан фақат Муҳаммаднинг тирик қолгани ҳақидаги воқеани қўшдим. Таҳрир жараёнида исмни тилимда такрорладим. Буни ўғлим ҳам эшитди ва Элгиз бугун илк бора "Муҳаммад" исмини айтди. Айтганда ҳам чиройли, ёқимли қилиб айтди. Тоғасининг ҳам исми Муҳаммад бўлгани учун: "Муҳаммад тога", дедиям.

Илойим, биз туркийларнинг қоракўз болалари Муҳаммад пайғамбаримизга ҳалол уммат бўлсин. Уларнинг қурган бинолари қиёматга қадар қуламасин, йўллари доим равон бўлсин.»

ЙИҒЛАМА, ТУРКИЯ

Туркия, қондошим, жоним, қардошим,
Осмонингда учди нолали додлар.
Буни тинглаб, титрар пўлат бардошим,
Вайрона тагида қолди фарёдлар.

Зилзила, зилзила, золим зилзила,
Неча минг тақдирни ундай эладинг.
Туркий юракларни сен тила-тила
Ярадор айладинг, барбод айладинг.

Ота том остида қолган қизининг
Қўлин ушлаб турар, бу қандай синов?
Сабр синиқлари тилган юзининг
Даҳшатини кўриб, ҳатто йиғлар ёв.

Бу мушфиқ қизалоқ укасин бошин
Силайди ўзини девор эзса ҳам.
Жони оғриса-да, ютар кўз ёшин,
Меҳрга айланар ҳатто унсиз ғам.

Бир уйда саккиз жон эди бахтиёр,
Зум ўтмай еттисин юраги толди.
Шунда Муҳаммадга бўлди Худо ёр,
Раббим мурғак жонни қутқариб қолди.

Йиғлама, Туркия, кўз ёшингни арт,
Очун ўзи тўла синову сирга.
Қайғуда қувонч бор, бахтга йўлдош дард,
Барисини енгиб ўтамиз бирга.

2023 йил 8-11 феврал