09 February 2023
11:31 - Юсуф Жума: ДАЮСНИ ПОДШО ЭТГАН ЭЛ - ДАЮС БЎЛМАЙ, НИМА БЎЛАР?!…
Қақнусни подшо этган эл -
Қакнус бўлмай нима бўлар?!
Тўнғизни подшо этган эл -
Тўнғиз бўлмай, нима бўлар?!

Ҳукмдор - эл - улус юзи,
Ори йўқми - қора туси.
Даюсни подшо этган эл -
Даюс бўлмай, нима бўлар?!

Халқ – юк халқ - чош, тождори - тош,
Ўлчар Тангри - бош - оёқ - бош.
Ноқисни подшо этган эл -
Ноқис бўлмай, нима бўлар?!

Қаттиқ бўлинг - номус - орда -
Йўлбошчинггиз - БируБорда,
Азизни подшо этган эл -
Азиз бўлмай,нима бўлар?!

2023 йил, 8 февраль.

Ёлғонларга ишонмасанг,
Яшамоққа қўймайдилар.
Йўқ эркингдан қувонмасанг,
Яшамоққа қўймайдилар.

Аҳмоқларидан бўлмасанг,
Ялтоқларидан бўлмасанг,
Қулоқларидан бўлмасанг,
Яшамоққа қўймайдилар.

Истайдилар: эс бўлмаса,
Ор бўлмаса, юз бўлмаса.
Бошинг белдан паст бўлмаса,
Яшамоққа қўймайдилар.

Тоғлар этагидан тутсанг-
Тангрининг йўлидан кетсанг,
Бошинг кўкни тешиб ўтса,
Яшамоққа қўймайдилар.

Тилинг ҳақдан тўхтамаса,
Ўзларига ўхшатмаса,
Тангри мени яшатмаса,
Яшамоққа қўймайдилар.

2023 йил, 4 февраль.

Сотқин “қаҳрамон”га.

Эдинг бир балчиқда ётган бир латта,
Сенга қаламимни этганман даста.

Сени байроқ этдим,бир чоғлар шундоқ,
Кўтарган дастангни унутдинг, аҳмоқ.

Елларда ҳилпираб бош - оёғинг -кир,
Тождорнинг пойига интилдинг ғир - ғир.

Қаламим бошидан туширдим шу он,
Подшо этди сени уч - тўрт кун иштон…

Уч - тўрт балчиқдошинг эслашар узоқ:
Бир замон биздан ҳам чиққан деб байроқ…

Қаламим бошида байроқ бўлган кўп,
Кўнглим ҳеч биридан тўлмади - нохўб.

Элда йўқ тоза бош - оқ дил - андоза,
Ҳатто байроқ учун латта йўқ тоза…

2023 йил.